Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан коронавирус пандемияси даврида Молия вазирлигининг Навоий вилоятидаги инқирозга қарши курашиш жамғармасига ажратилган пул маблағларини мақсадли сарфланиши ўрганилганда, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳолати аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Хусусан, Навоий вилояти санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, жамғарма томонидан ажратилган 5 млрд сўм маблағларнинг бир қисмини талон-торож қилиш мақсадида, «Т.» ва «I-P.» МЧЖдан кимёвий дизенфекция воситалари ҳамда инфекцияга қарши тиббий ҳимоя воситаларини қиммат нархларда харид қилишиб, жами 222,3 млн сўмни растрата қилиш йўли талон-торож қилиб, давлат бюджетига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилояти санитария ва эпидемиология осойишталик маркази мансабдор шахслари, «Т.» ва «I-P.» МЧЖ раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоят санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази марказ бош врачи Б.Б. ва врач-дезинфекционисти А.Ҳ. ҳам худди шу йўл билан давлат бюджетининг 204,6 млн сўмлик маблағларини талон-торож қилган эди.

Шунингдек, Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари М.А. ва туман «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобчиси Б.Н. тумандаги эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида келиб тушган маблағларни турли йўллар билан нақдлаштириб, жами 109,2 млн сўм пулларни ўзлаштиришган, «Саховат ва кўмак» жамғармасига келиб тушган маблағлардан 44 млн сўмни мақсадсиз сарфлаб, растрата йўли билан талон-торож қилган эди.