Навоий вилоятининг Кармана туманида 33 ёшли З. У. ўзининг уч ойлик ўғлини Навоийдаги квартирага алмаштирмоқчи бўлди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилди.

Аёл 23 май куни қиймаи 25 минг доллар бўлган икки хонали квартиранинг кадастр ҳужжатларини олиш вақтида вилоят ИИБ ходимлари томонидан ушланди.

Ҳолат юзасидан Кармана тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.

«Дастлабки тергов жараёнида З.У. гумонланувчи тариқасида жалб қилиниб, ҳуқуқлари адвокат иштирокида тушунтирилди, бироқ гумонланувчи ҳимоячи хизматидан воз кечишини маълум қилди ва сўроқ қилинди», — дейилади хабарда.

Тергов департаменти раҳбарияти томонидан мазкур жиноят иши алоҳида назоратга олинди.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда оналар томонидан ўз фарзандларини сотишга уриниш ҳолатлари кўпаймоқда. Бундан аввалроқ Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида яшовчи аёл (1997 й. т.) икки ёшли ўғлини 7700 долларга сотмоқчи бўлганида ушланган эди. 19 май куни эса Қорақалпоғистонинг Тўрткўл туманида 13 ёшли ўғлини 15 минг доллар эвазига сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинган эди.