Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳридаги Амир Темур ҳайкали қайта кўриб чиқилади, дея хабар берди Сенат матбуот хизмати. Ёдгорликнинг ташқи қиёфаси сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Ҳайкалда саркарданинг уч ҳалқадан иборат белги бириктирилган ҳассани қўлида тутган сиймоси акс этган. Бу уч ҳалқа Амир Темур ва темурийларнинг бош рамзи ҳисобланади. Денов ҳокимияти матбуот хизматининг қайд этишича, ёдгорлик шаҳар ҳокимлигининг 1996 йил 25 апрелдаги фармойишига асосан бунёд этилган

Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев ушбу масалани Денов шаҳар ҳокими, архитектура ва қурилиш бошқармаси раҳбари билан ўрганди.

«Юртдошларимизнинг асосли ва ўринли таклифларини инобатга олган ҳолда ушбу ҳайкални қайта кўриб чиқиш бўйича мутасадди раҳбарларга кўрсатмалар берилди», — дейилади хабарда.

Сайфуллаев соҳибқирон сиймосини гавдалантиришда барча жиҳатларга аҳамият қаратиб, кичик бир деталларни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик зарурлигини таъкидлади.