Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги АЖнинг нефть маҳсулотлари импортига акциз солиғини 20% га ошириш бўйича таклифига изоҳ берди.

Унга кўра, «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг фақат нефть маҳсулотлари импортига акциз солиғини 20% га ошириш бўйича таклифи Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашининг Котибиятига тақдим этилмаганани маълум бўлди.

Шу билан бирга, ставканинг таклиф этилаётган ўзгариши халқаро мажбуриятлар ва амалиётга мос келмаслиги сабабли кўриб чиқилиши ва қўлланилиши мумкин эмас, дейилади изоҳда.

Қайд этилишича, МДҲ доирасида тузилган эркин савдо зонаси тўғрисидаги кўп томонлама Битимига қўшилишда Ўзбекистон томонидан қабул қилинган мажбуриятлари мавжуд.

«Мазкур битимни унинг томонлари ва Ўзбекистон ўртасида қўллаш тўғрисидаги Баёнига мувофиқ, 2020 йилнинг 31 декабрида Ўзбекистон томонидан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарлар ва импорт қилинган товарларга акциз солиғи ставкаларини унификация қилиш учун қабул қилинган ўтиш даври тугайди, яъни белгиланган муддатгача мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган товарларга ўрнатилган акциз солиғи ставкалари умумий махражга келтирилиши керак», — дея вазирликнинг изоҳида таъкидланади.

Шу боис, товарларни ишлаб чиқариш ва импорт қилишда солиқ ставкаларини унификация қилиш масаласи кенгаш томонидан режалаштирилган. Шунингдек, акциз солиғининг товарлар бўйича унификациясини таъминлаш ЖСТ ва ЕОИИ каби халқаро ҳамда минтақавий ташкилотларнинг ҳужжатлари ва амалиётларида ҳам таъкидланган.

Маълумотга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда импорт қилинганда 52 та товар позициясига, маҳаллий ишлаб чиқаришда эса — 15 та позицияга акциз солиғи солинмоқда, хусусан:

  • 42 та товар позициялари бўйича фақат импорт қилишда акциз солиғи солинади;
  • 10 та товар позициялари бўйича импорт қилиш ва мамлакатда ишлаб чиқариш (шу жумладан, нефть маҳсулотлари) ҳолатларида бир хил қийматга эга бўлмаган акциз солиғи ставкалари ўрнатилган;
  • 5 та товар позициялари бўйича фақат мамлакатда ишлаб чиқарилган товарларга акциз солиғи солинади.

«Товарларни ишлаб чиқариш ва импорт қилишда бир хил солиқ ставкалари қўлланилса, ишлаб чиқарилган ва импорт қилинадиган акцизли маҳсулотларга нисбатан тенг ва адолатли ёндашув таъминланади, бу эса рақобат учун тенг шароитларни яратади», — дея изоҳ берилади вазирликнинг хабарида.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан маҳаллий нефтни қайта ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида бензин маҳсулоти импортига акциз солиғини 5 фоиздан 20 фоизга ошириш таклифи билан чиққанди.

Ўз ўрнида, Монополияга қарши курашиш қўмитаси мамлкатда соғлом рақобат муҳитининг таъминланиши ва истеъмолчилар манфаатларини кўзлаган ҳолда акциз солиғини оширилиш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблашини билдирган эди.