Ўзбекистон, АҚШ ва Афғонистон расмий вакиллари «Ўзбекистон — АҚШ — Афғонистон» биринчи уч томонлама мажлиси давомида COVID-19 пандемияси туфайли афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини кенгайтириш зарурлигини таъкидлашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 27 май куни видеоконферецалоқа шаклида «Ўзбекистон — АҚШ — Афғонистон» биринчи уч томонлама мажлиси бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов, АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Девид Ҳейл ва Афғонистон Ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар иштирокида ўтди.

«CОВИД-19 пандемияси афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини бериш, аввало, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини тақозо этмоқда», — дея таъкидлади мажлис иштирокчилари.

Шу ўринда, АҚШ ва Афғонистон вакиллари Ўзбекистон раҳбариятига Афғонистонга товарларни узлюксиз етказиб бериш, шунингдек, коронавирус тарқалиши даврида транзит юк ташиш таъминлангани учун миннатдорлик изҳор этдилар.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари «Ўзбекистон — АҚШ — Афғонистон» уч томонлама шакли Афғонистондаги тинчлик жараёнини илгари суриш, мамлакат иқтисодиётини тиклаш, шунингдек, уни минтақавий иқтисодий жараёнларга фаол жалб этишга қаратилган амалий таклифларни тайёрлаш бўйича долзарб маслаҳатлашув механизми эканлигини қайд этдилар.

Хусусан, «Сурхон — Пули-Хумри электр узатиш линияси, Покистон денгиз портларига чиқиш имконини берувчи «Мозори-Шариф — Кобул», «Мозори-Шариф — Ҳирот» темир йўллари қурилиши каби муҳим лойиҳаларни жадал татбиқ этиш зарурлиги таъкидланди.

«Ишни оптималлаштириш ва уч томонлама шаклда ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш мақсадида томонлар муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари бўйича тегишли ишчи гуруҳларини ташкил этишга келишиб олдилар», — дейилади ТИВнинг хабарида.

Шунингдек, томонлар Афғонистон инклюзив ҳукуматини шакллантириш ва Миллий ярашув бўйича Олий кенгашни ташкил этиш тўғрисидаги жорий йил 17 майда имзоланган сиёсий битим тузилишини ҳамда Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати томонидан маҳбусларни озод қилиш амалиётини давом эттирилишини юқори баҳоладилар.