25 май куни Ўзбекистон Ҳарбий судида Рафик Сайфулинга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди, дея хабар берди Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.

У Ўзбекистон Жиноят кодексининг 157-моддаси (давлатга хоинлик қилиш) 1-қисми ва 248-моддаси (қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган эди.

Бир неча ой давомида ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб таҳлил қилинди. Тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчининг важлари текширилди.

Суд судланувчи Рафик Сайфулинни юқорида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Сайфулин 2001 йилгача президент ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти директори, сўнгра Стратегия ва истиқболни белгилаш олий мактаби директор ўринбосари лавозимларида ишлаган.