Юлдашев Бобирбек Баҳодирович Андижон вилояти Марҳамат тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди. Ташкилий масала Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирокида Марҳамат тумани ҳокимлигида туман фаолларининг йиғилишида кўриб чиқилди.

Бунга қадар у Ўзбекистон президенти Администрацияси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ишлаш шўъбаси бош инспектори лавозимида ишлаган.

Маълумот учун, Бобирбек Юлдашев (1986 й. т.) Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаб, меҳнат фаолиятини 2005−2006 йилларда Андижон шаҳар статистика бўлимида иқтисодчи вазифасида бошлаган. 2006−2009 йилларда Андижон вилояти статистика бошқармасида, 2009−2010 йилларда Андижон вилояти ҳокимлиги иқтисодиёт Бош бошқармасида, 2010−2018 йилларда Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот-таҳлил гуруҳи 1-тоифали мутахассиси, ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари вазифаларида ишлаган.

Амалдаги Марҳамат тумани ҳокими Қамчиев Шухратбекнинг нима сабабдан ишдан бўшатилганлиги ва янги иш жойи бўйича маълумот берилмаган.