Соғлиқни сақлаш вазирлиги Андижон вилоятида аҳоли орасида коронавирус инфекцияси тарқалишига сабаб бўлган икки нафар халқаро юк машиналари ҳайдовчиларига оид маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, 22 май куни Балиқчи туманида яшовчи 50 ёшли Р.Р. Избоскан туманида яшовчи шериги, 32 ёшли Б.Қ. билан биргаликда халқаро юк ташиш автомашинасида Россиядан Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳудудидаги чегара-назорат постига етиб келган. Шу куннинг ўзида ўрнатилган тартиб бўйича постдаги СЭОМ ходимлари томонидан ҳар икки ҳайдовчидан коронавирус инфекциясига суртма олинган. Эртасига, 23 май куни Б.Қ. да гумон натижа қайд этилганлиги учун такроран таҳлил топширган, Р.Р.да эса касаллик аниқланмаган.

Лекин ҳайдовчилар белгиланган санитария қоидаларига риоя қилмасдан, чегара-назорат пости автотураргоҳидан уйига чиқиб кетишган.

Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари билан ўтказилган тезкор қидирув ва эпидемиологик суриштирув натижасида ҳар икки ҳайдовчининг ҳам ўз уйларидан топилган.

Шу орада дастлаб таҳлил натижалари гумон қилинган Б.Қ.да ҳам, у билан доимий мулоқотда бўлган иккинчи ҳайдовчи Р.Р.да ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Эпидемиологик суруштирув натижасида Избоскан ва Балиқчи туманида Р.Р. ва Б.Қ. билан мулоқотда бўлган барча 100 нафарга яқин фуқаролар 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.

«Ачинарлиси, ҳайдовчиларнинг эътиборсизлиги ва санитария қоидаларига риоя қилмаслиги сабаб, уларнинг оила аъзолари, яқинлари, қўшнилари ва бошқа кўплаб инсонларнинг коронавирусда гумонланиб карантинга олинишига, уларнинг соғлигини хавф остига қўйилишига сабаб бўлган», — дейилади хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги уй карантинига олинган барча фуқароларни қоидаларга қатъий амал қилиш, жамоат жойларида бўлганда ёки коронавирус инфекцияси аломатларини ўзида сезганда дарҳол ўзини яккалаб, шифокорга мурожаат қилишни сўради.

Шунингдек, карантин қоидаларига, жумладан, ижтимоий масофани сақлаш, қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришишдан тийилиш, сабабсиз кўчага чиқмаслик, жамоат жойларида тўпланмаслик, қўлларни тез-тез ва яхшилаб ювиш, тиббий ниқоб тақиш каби қоидаларга қатъий амал қилишлар зарурлигини эслатиб ўтди.

Қайд этиш жоизки, 17 майдан буён Андижон вилоятида аниқланган ҳолатлар 175 тани ташкил этиб келмоқда. Юқоридаги ҳолатлар 23 май куни тасдиқланган, бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг беморлар даволаниш жойи бўйича юритилаётган расмий статистикасига киритилмаган. Ҳайдовчилар эса Андижон вилоятида даволанмоқда. 23 май куни ва кейинги кунларда ҳам 175 талик кўрсаткич ўзгармади (26−27 май кунлари ҳудудлар бўйича статистика эълон қилинмади).

«Газета.uz» сўровига жавобан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 23 май куни тасдиқланган ҳолатлар Тошкент вилояти статистикасига киритилгани, чунки тестлар ушбу ҳудудда олинганини маълум қилди. Вазирлик пайшанба куни эълон қилинадиган статистикада аниқланган ҳолатлар Тошкент вилоятидан Андижон вилоятига ўтказилишига ишонч билдирди.