Boeing компанияси 2019 йил декабрида тўхтатилган 737 MAX самолётларини ишлаб чиқаришни қайтадан йўлга қўйди.

«Самолётлар иш жойида хавфсизлик ва маҳсулотлар сифатини оширишга қаратилган ўндан зиёд ташаббуслар амалга оширилгани сабабли режалаштирилгандан кўра секинроқ тезликда қурилмода», — дейилади авиасоз баёнотида.

Мазкур моделдаги лайнерлардан фойдаланиш Индонезия ва Эфиопияда 346 кишининг ўлимига сабаб бўлган авиаҳалокатлардан кейин бутун дунёда тўхтатилган эди. Жумладан, Ўзбекистон ҳам 2019 йил 13 мартдан бошлаб ўз аэропортларини Boeing 737−8 MAX ва Boeing 737−9 MAX самолётларини қабул қилиш ва жўнатиш учун ёпган эди.

Тахминларга кўра, самолётларнинг қулаб тушишига лайнер тизимларидан биридаги нуқсонлар, тизимнинг нотўғри ишлаши сабаб бўлган. Ушбу нуқсон ва носозликлар, учувчиларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, фалокатни келтириб чиқарган.