Коронавирус пандемияси дунёда миллионлаб одамларнинг ишсиз қолишига сабабчи бўлмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, иш соатларининг қисқариши оқибатида жаҳоннинг турли мамлакатларида норасмий иқтисодда фаолият юритадиган 1,6 млрд ишчи даромадсиз қолиш хавф остида. Таъкидланича, 2020 йилнинг иккинчи чораги меҳнат бозори учун кутилганидан кўра аянчлироқ келиши, ушбу даврда 300 млндан ортиқ иш ўрни йўқотилиши мумкин.

2020 йилнинг иккинчи чорагида барча минтақаларда иш соатларининг кескин қисқариши кутилмоқда. Европа ва Марказий Осиёда биринчи чоракда иш соатлари 3 фоизга, иккинчи чоракда эса деярли 13 фоизга қисқариши мумкин.

«Газета.uz» жаҳон мамлакатларида ишсизлик бўйича ҳолат қандай экани ва давлатлар бу бўйича қандай чоралар қўраётганини ўрганиб чиқди.

АҚШ

Коронавирус оқибатида АҚШда ишсизлар сони 40 млн кишига яқинлашиб қолди, ишсизлик бўйича ариза топширганлар сони 39 млн дан ортган. Бу кўрсаткичлар «Буюк тушкунлик» даврига қараганда анча юқори.

Ғазначилик котиби Стивен Мнучин АҚШ учун жорий йилнинг иккинчи чораги биринчи чорагидан ҳам қийинроқ бўлишини кутиш кераклигини айтган эди. «Бу иқтисодий инқироз Америка бизнесининг айби эмас, бу америкалик ишчиларнинг айби ҳам эмас ва бу вируснинг айбидир», — деди Мнучин.

Мамлакат аҳолисини қўллаб-қувватлаш мақсадида паст ва ўрта даромадга эга фуқаролар бир маротабалик тўлов тарзида 1200 доллардан олишди. Шунингдек, ҳар бир ёш бола учун (17 ёшдан кичик бўлган) қўшимча 500 доллар берилди.

Хитой

Хитой ҳукумати ҳапрель ойида ишсизлик 6 фоизга тенг бўлганини эълон қилган эди. Economist Intelligence Unit ва Societe Generale мутахассислари ушбу кўрсаткич 10 фоизга яқин эканлигини тахмин қилишмоқда.

Bloomberg маълумотларига кўра, Хитойдаги брокерлик компанияси таҳлилчилари томонидан 24 апрелда эълон қилинган ҳисоботда мамлакатдаги ишсизлик 20 фоиз атрофида экани, 70 млн киши ишини йўқотгани айтилган. Лекин кейинчалик ушбу ҳисобот компания сайтидан олиб ташланган.

Январь ва февраль ойларида 2,3 млн киши ишсизлик бўйича суғурта тўловларини олишган, дейилади Инсон ресурлари ва ижтимоий хавфсизлик вазирлиги маълумотларида. Шу вақтнинг ўзида, 5 млнга яқин ишчилар ўз ишларидан айрилишган, дея таъкидлайди мутахассис Дэн Ванг.

Россия

Апрель ойида Россия Федерациясида 800 мингдан ортиқ киши ишсиз бўлиб қолган, умумий ишсизлар сони 4,3 млн кишига етган. Меҳнат вазирлиги таҳлилларига кўра, пандемия тугашига қадар мамлакатдаги ишсизлар сони 6 млн кишига етиши мумкин.

Коронавирус пандемияси ортидан апрель ойи Россияда ишланмайдиган ой деб эълон қилинган эди. Пандемия инқирози сабабли ишсиз қолган аҳолини қўллаб-қувватлаш учун ишсизлик бўйича нафақанинг максимал миқдорини энг кичик иш ҳақи даражасигача кўтарди (12 минг рубль атрофида). Москва шаҳри ва Москва вилоятида нафақа миқдори нисбатан юқорироқ қилиб белгиланган (19,5 ва 15,5 минг рубль).

Оқибатда, апрель ойида Аҳоли бандлиги хизматида расман ишсиз сифатида рўйхатдан ўтганлар сони 1,3 млн кишига етган. Март ойига нисбатан бу кўрсаткич 80 фоизга ошган, яъни 727 минг киши рўйхатдан ўтган. 1,1 млн нафар киши нафақа олган. Мамлакат меҳнат вазирлиги таҳлилларига кўра, расман рўйхатдан ўтган ишсизлар сони 2,5 млн кишига етиши мумкин.

Франция

Францияда хусусий сектордаги 10,2 млн ишчи давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу хусусий сектордаги ҳар иккинчи ишчи дегани.

Мамлакатнинг меҳнат вазири Мюрьэль Пениконинг айтишича, меҳмонхона, ресторанлар ҳамда қурилиш соҳасидаги деярли 90 фоиз ишчилар ишсиз қолишган. 60 фоиз компаниялар фаолияти тўхтаб қолган.

Ишчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳукумат томонидан «қисман бандлик» дастури ишлаб чиқилган. Унга кўра, ишчиларнинг ойлиги ўрнига давлат томонидан белгиланган пул маблағи тўланади. У амалдаги ишчи ойлигининг 84 фоизига тенг бўлади. «Барча вазиятларда, барча ишчиларга соатига камида 8,03 евро тўланади», — дея таъкидлади Пенико.

Германия

Апрель ойида Германияда ишсизлар сони 373 минг нафарга ошиб, ишсизлик кўрсаткичлари 5,8 фоизга тенг бўлди. Март ойида бу кўрсаткич 5 фоиз атрофида эди.

Ишчилар ва иш берувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, ҳукумат Kurzarbeit дастурини ишга туширди. Апрель ойи охирига келиб ушбу дастур бўйича 10 млн дан ортиқ одамлар кўмак олишмоқда. Бу мамлакат ишчиларининг 20 фоизидан сал кўпроқ қисмидир.

Дастурга кўра, иш соатлари камида 10 фоизга қисқаради, компанияларга ойлик маошларни тўлаш учун қисман субсидиялар берилади, ишчилар ойлик маошларининг 60−70 фоизини олишади ва компанияларга бошқа имтиёзлар берилади.

Буюк Британия

KPMG таҳлилларига кўра, карантин давомида Британияда ишсизлик даражаси 9 фоизга яқинлашиши мумкин. Ҳозирда бу кўрсаткич 4 фоиз атрофида.

Апрель ойи натижаларига кўра, Британияда ишсизлик бўйича имтиёз сўраб мурожаат қилганлар сони 2,1 млн кишига етган. Бир ой давомида ушбу имтиёзларни олишга ариза топширганлар сони деярли 70 фоизга ўсган, яъни апрель ойида 865 500 киши ушбу масала бўйича мурожаат қилган.

Ҳукумат томонидан вақтида қўлланган чоралар 8 млн кишининг ишини сақлаб қолди. 1 млн атрофидаги компанияларда ҳукумат ишчилар ойлик маошининг 80 фоизини тўлаб бермоқда.

Лекин, баъзи маълумотларга кўра, 4,7 млн ўзини ўзи банд қилган ишчилар ушбу ёрдамга мурожаат қила олишмайди. Бу соҳадаги ишчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича дастур фақат июнь ойидан ишга тушади. Ушбу дастурлар норасмий иқтисод секторларида ишлаётганларни ҳисобга олмайди, чунки барча иштирок этувчилар солиқ органларида рўйхатга олинган бўлишлари керак.

Ҳиндистон

Бутун мамлакат ҳудуди бўйлаб киритилган карантин чоралари сабабли, Ҳиндистонда 120 млндан ортиқ киши ишсиз қолган. Улардан кўпи кичик савдогарлар ва кунлик меҳнат қиладиган ишчилардир.

Маълумотларга кўра, Март ойида 8,7 фоизга тенг бўлган ишсизлик кўрсаткичи апрель ойида 23,5 фоизгача кўтарилиб кетган. 3 май ҳолатига кўра эса, бу кўрсаткич 27,1 фоизга тенг бўлган.

Япония

Японияда ишсизлик кўрсаткичлари кўплаб мамлакатларга нисбатан секин ошмоқда. Март ойида бу кўрсаткич 2,5 фоизга тенг эди, умумий ишсизлар сони 1,76 млн атрофида. 2019 йил шу вақтдагига нисбатан ишсизлар сони 20 минг нафарга кўпайган.

Бироқ асосий муаммо иш бўйича вакансиялар очилиши сўнгги уч йил ичида энг паст кўрсаткичда бўлиб турибди.

Қозоғистон

Қозоғистонда икки ойдан бери амал қилаётган фавқулодда ҳолат давомида расмий рўйхатга олинган ишсизлар сони 50 минг нафарга ортиб, умумий 170 минг кишини ташкил этмоқда.

Аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида, ҳукумат 4,6 млн кишига 42,5 минг тенге (100 доллардан) миқдоридаги бир маротабалик тўлов ўтказиб берган эди. Улардан 2,9 млн нафарига ушбу тўловлар иккинчи ойга ҳам узайтирилди. Тўлов олиш бўйича 8 млн киши ариза топширган бўлса, 3 млн кишига рад жавоби берилган.

Ўзбекистон

Ўзбекистонда 2020 йилнинг биринчи чорагида ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил қилди.

Ҳисоботга кўра, 2020 йилнинг январь-март ойларида энг юқори ишсизлик даражаси 9,8 фоиз билан Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида, 9,7 фоиз билан Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида қайд этилган. Ишсизлик бўйича энг паст кўрсаткич эса Тошкент шаҳрида (7,8 фоиз) аниқланган. Маълумот учун, Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 2019 йилнинг I чорагида ҳам 9,4 фоизни ташкил этган эди.

Мамлакатда аҳолини қўллаб-қууватлаш учун турли хил чоралар эълон қилинди. Ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилинди. Карантин даврида 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларга нафақалар тайинланди, уларнинг сони ҳозирда 600 минг кишини ташкил этмоқда.

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ижтимоий соҳага жами 294 млрд сўм йўналтирилган. Бунда, 60 млрд сўм кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун Касаба уюшмалари Федерациясига; 100 млрд сўм банд бўлмаган фуқароларни вақтинчалик ишларга жалб қилиш учун Жамоат ишлари жамғармасига; 70 млрд сўм ижтимоий нафақаларга; 50 млрд сўм шахсий томорқаларни ривожлантириш учун ишсиз, кам таъминланган, оилаларга; 11 млрд сўм «Тошкент метроолитени» ва «Тошшаҳартрансхизмат» ходимларига иш ҳақи тўлаш учун, 2 млрд сўм «Ўзавтотранссервис» ва «Тошшаҳартрансхизмат» транспорт харажатларини қоплашга ва 1 млрд сўм гуманитар ёрдамни олиб келиши билан боғлиқ Мудофаа вазирлиги харажатлари учун ажратилган.