АҚШ президенти Дональд Трампнинг Twitter даги хабарлари ишончсиз бўлиши мумкин ва қўшимча текширув кераклигини билдирадиган маълумот дея белгиланди. Бунга TJ нашриёти эътибор қаратди.

Махсус белги берилган хабарларда Трамп демократлар ташкиллаштираётган почта орқали овоз бериш жараёнига изоҳ берган. Унинг фикрига кўра, бундай сайловнинг натижаларини сохталаштириш осон бўлади. «Почта қутилари ўғирланади, сайлов бюллетенлари сохталаштирилади ва ҳаттоки ноқонуний равишда босиб чиқарилади ва алдов йўли билан имзоланади», — дея ёзган Трамп.


Twitter вакилининг айтишича, Трампнинг твитларида «овоз бериш жараёнлари тўғрисида адаштирадиган маълумотлар бор эди, улар сайлов бюллетенлари бўйича қўшимча контекст билан таъминлаш мақсадида белгиланди». Фойдаланувчи президентнинг хабарларини кўрганда, уларга «Почта орқали овоз бериш бюллетенлари ҳақида маълумот олинг» белгиси бириктирилган бўлади. Ҳавола президентнинг сўзларини инкор этадиган хабарларни очади.

Бунга жавобан, Трамп ижтимоий тармоқни президентлик сайловлари кампаниясига аралашувда айблади.

«Улар оммавий коррупция ва соҳталаштиришга олиб келадиган почта орқали овоз бериш бўйича баёнотим нотўғри дейишяпти. Бунда улар фейк ахборот хизматлари CNN ва Washington Post томонидан берилган маълумотларга асосланишган», — дея шикоят қилган президент. Унинг қўшимча қилишича, ижтимоий тармоқ «сўз эркинлигини бўғмоқда», у эса бунга йўл қўймайди.


Twitter февраль ойидан бошлаб фейк хабарлар билан курашиш бўйича янги усулни тестдан ўтказишни бошлади. Ижтимоий тармоқ одамларни адаштириш учун берилган хабарларга махсус белгилар бериб боради.