Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 май куни инвестицияларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга ёндашувни ўзгартириш ҳамда миллий сармоядорларни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.

Шу вақтга қадар фақатгина хорижлик инвесторга тақдим этиб келинаётган преференциялар эндиликда маҳаллий хусусий сармоядорларга ҳам берилади. Масалан, агарда хусусий инвестор қиймати 25 млн доллардан бошланадиган лойиҳани амалга оширишга киришса, ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари бюджет ҳисобидан қуриб берилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотларига кўра, айни вақтда чет эллик сармоядорлар учун қуйидаги имтиёз ва преференциялар берилмоқда: солиққа тортиладиган даромад, ҚҚС, юридик шахслар мол-мулк солиқлари ва божхона божлари бўйича имтиёзлар.

Йиғилишда тармоқлар ва ҳудудлар кесимида коронавирус пандемияси сабабли хорижий инвестицияларни ўзлаштиришда хавф-хатарлар мавжудлиги ҳам кўриб чиқилди. Бу каби лойиҳалар истиқболларини ўрганиш асосида уларни кечиктириш ёки янгиларига алмаштириш лозимлиги қайд этилди.

Халқаро молия институтлари кредитлари ҳисобига молиялаштирилаётган 98 та лойиҳа бўйича маблағларни ўзлаштириш даражаси танқид қилинди.

2020 йилги инвестиция дастурига жами 3000 дан ортиқ лойиҳалар киритилган бўлиб, улар бўйича 235 трлн сўм, шу жумладан 7 млрд долларлик тўғридан-тўғри инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилган.