Об-ҳаво ўтган ҳавфтанинг ўртасидан бошлаб ёз режимига ўтди, дея маълум қилди Ўзгидромет матбуот хизмати.

Май ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлигида Ўзбекистонда нобарқарор об-ҳаво кузатилди. Бирин-кетин кучли момақалдироқли ёмғирлар ва шиддатли шамол, хатто дўл ёғишига олиб келган атмосфера жараёнлари ривожланди. Гарчи бу ҳодисалар кичик ҳудудларда кузатилган ва маҳаллий тавсифга эга бўлсада улар салбий оқибатларга олиб келди, дейилади хабарда.

Ўтган дам олиш кунларидан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида ҳаво жуда исиди. Ҳарорат кудан-кунга кўтарилиб, кеча 26 май куни 35−39 даражани, жанубда 39−40 даражани ташкил қилди. Энг юқори ҳароратлар Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида кузатилди, бу жойларда кундузи ҳаво 40−42 даражагача, айрим чўл туманларида 44 даражагача қизиди.

Бундай ҳарорат кўрсаткичлари Ўзбекистонда май ойининг охири учун хос эмас. Республиканинг деярли барча минтақаларида шу куннинг ҳарорат рекордлари қайд этилди.

Ўзбекистон шимолида айрим жойларда бутун ой учун максимал ҳароратнинг янги рекордлари қўйилди. Бошқача қилиб айтганда, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидаги кўпчилик метеорологик станциялар маълумотларига кўра, 26 майда қайд этилган бундай юқори ойлик ҳарорат аввал ҳеч қачон кузатилмаган.

Тошкенда, масалан, май ойида энг юқори ҳарорат 39,9 даража бундан анча олдин 1902 йилда қайд этилган. Охирги 20 йил ичида энг юқори ойлик ҳарорат 2004 йилда кузтилган ва 38,6 даржани ташкил қилган. Қолган кузатув йилларида энг иссиқ йилларда Тошкентда май ойидаги ҳарорат 37 даржадан юқори бўлмаган. Республика жанубида бу йил май ойи охирининг ҳароратлари, хойнаҳой, ўз рекорд қийматлари — 43−44 даржага етмайди.

Ойнинг охиригача республикада асосан қуруқ ва кам булутли об-ҳаво сақланиб туради. Фақат республикамизнинг шимоли ва чўл зонасида шамолнинг тезлиги секундига 15−20 метргача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 34−39 даража атрофида бўлади, мамлакатимиз шимоли, жануби ва чўл зонасида 40−42 даражагача кўтарилади. 29−30 май кунлари ҳарорат бир оз (2−3даражага) пасаяди. Ёзнинг бошида об-ҳавода сезиларли ўзгариш бўлмайди.