26 май куни Ўзбекистонда учта («Саломатлик» ордени, «Соғлом турмуш» медали ва «Меҳр-саховат» кўкрак нишони) янги давлат мукофотлари таъсис этилди. Тегишли қонунлар ва фармон президент томонидан имзолангани ҳақида Адлия вазирлиги маълум қилди.

«Меҳр-саховат» кўкрак нишони

Президент фармони билан «Меҳр-саховат» кўкрак нишонини таъсис этилди.

Эндиликда, мазкур кўкрак нишони билан коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатгани, шунингдек беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлгани, бошқа шу каби ташаббускорлик ва фаоллик учун мукофотланади.

Фармонда «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкинлиги таъкидланади.

«Саломатлик» ордени

«Саломатлик» орденини таъсис этиш тўғрисида"ги қонун билан ушбу орден билан мукофотлаш тўғрисидаги низом тасдиқланди.


Унга кўра, мазкур орден билан мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини яхшилаш ҳамда ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги алоҳида хизматлари учун нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

«Саломатлик» ордени икки даражадан иборат бўлиши қонун билан белгиланди.️ Бунда, мукофотлаш аввал II даражали орден, орадан камида 3 йил ўтганидан кейин I даражали орден билан тақдирлаш тарзида амалга оширилади.

Қайд этилишича, I даражали «Саломатлик» ордени билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 30 баравари миқдорида, II даражали «Саломатлик» ордени билан мукофотланган шахслар БҲМнинг 25 баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти олади.

«Соғлом турмуш» медали

Шунингдек, 26 май куни «Соғлом турмуш» медалини таъсис этиш тўғрисида"ги қонун президент томонидан имзоланди.


Мазкур давлат медали билан аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қўшган ҳиссаси учун соғлиқни сақлаш муассасалари шифокорлари, ОАВ вакиллари ва блогерлар, фуқаролар, намунали оилалар ва спортчилар ҳамда бошқа шахслар мукофотланадилар.

Қонунга кўра, медаль билан мукофотланган шахслар БҲМнинг 10 баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти олади ва қонун ҳужжатларида белгиланадиган имтиёзлардан фойдаланади.