АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали COVID-19 пандемияси даврида Марказий Осиёда муҳожирларни ҳимоя қилиш учун 2 миллион доллар ажратади, дея хабар қилди Американинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

«COVID-19 пандемияси Марказий Осиёдаги миллионлаб муҳожирларнинг гуманитар ва молиявий инқирозига олиб келди, уларнинг аксарияти Марказий Осиё бўйлаб транзит ва ўтиш жойларида қийинчиликларга дуч келмоқда», — дейилади хабарда.

Иш ва четдан юборилаётган пул маблағларини йўқотиш оилаларни тегишли ресурсларсиз ҳамда ҳуқуқий ҳимоясиз қолдирди. Мигрантлар, шунингдек, ўзларини вирусдан қандай ҳимоя қилиш тўғрисида маълумот ва ресусрларга эга эмаслар, дея қайд этди АҚШ элчихонаси.

USAID «Марказий Осиёда хавфсиз миграция» лойиҳаси доирасида жуда зарур бўлган ёрдамни тақдим этади, шу жумладан ахборот манбалари билан таъминлайди, асосий хизматларга йўлланмалар беради, муқобил турмуш тарзини қўллаб-қувватлайди, муҳожирларга ушбу қийин вазиятни енгишда ёрдам бериш учун кўникмалар ва тренинглар ўтказади. Лойиҳа, шунингдек, юридик ва психологик ёрдам кўрсатиш орқали муҳожирларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.