Россияда оғир вазиятга тушган 786 нафар Ўзбекистон фуқаросига қарийб 4,9 млн рубль ($70 минг) миқдорида бир марталик молиявий ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати маълум қилди. Мазкур ёрдам мамлакатнинг Москвадаги элчихонаси очган хайрия ҳисоб рақамига сахий тадбиркорлар ва ҳомийлардан келиб тушган маблағлар ҳисобидан амалга оширилди.

«Меҳр» лойиҳаси ишга туширилган биринчи ҳафтасида (14−15 май) Россияда бўлиб турган 202 та Ўзбекистон фуқаросига умумий қиймати 1 миллион 220 минг 960 рубль миқдоридаги молиявий ёрдам ажратилди. Улар орасида — Россия олий ўқув юртлари кундузги бўлимида таълим олаётган 190 та талаба бор эди.

Шу билан бирга, 15−22 май кунлари эса 584 фуқарога умумий қиймати 3 млн 669 минг 806 рубль миқдорида молиявий ёрдам берилди. Улар 5 нафар ногирон, қарамоғида 2 ёшгача фарзанди бўлган ҳамда ҳомиласи 7 ойликдан ошган 32 нафар аёл, COVID-19 инфекцияси тасдиқланган 13 киши ҳамда Россия олий ўқув юртлари кундузги бўлимларида таҳсил олаётган 493 нафар талабалардир.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари мазкур молиявий ёрдамга муҳтож лекин уни олиш учун тегишли ҳужжатлари йўқ фуқароларга 2 ҳафталик озиқ-овқат етказиб бериш тизимини йўлга қўйган. Шу ўринда, ўтган ҳафта (18−23 май) 202 та эҳтиёжманд оилага озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган.

Келиб тушаётган мурожаатлар билан самарали ишлаш ва маблағларни тенг миқдорда тақсимлаш, шунингдек, «мехр.рф» портали барқарор ишлаши учун кунига 1000 (минг) та мурожаат қабул қилиш чеклови ўрнатилди.

Маълумот учун, бир мартали моддий ёрдам Россияда бўлиб турган қуйидаги тоифадаги Ўзбекистон фуқароларига тўлаб берилади:

  • ногиронлар — тегишли тасдиқловчи ҳужжат (маълумотнома) тақдим этилган тақдирда;
  • қарамоғида 2 ёшгача фарзанди бўлган ҳамда ҳомиласи 7 ойликдан ошган аёллар — зарур тасдиқловчи ҳужжатлар (боланинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, тиббиёт муассасидан маълумотнома) тақдим этилган ҳолда;
  • COVID-19 вируси тасдиқланган шахслар — тегишли тасдиқловчи ҳужжат асосида;
  • Россия олий ўқув юртлари кундузги бўлимларида таҳсил олаётган талабалар — ўқиш жойидан тегишли маълумотнома асносида;
  • ва бошқа турдаги ёрдам сўраганлар.

Мазкур ёрдам Россияда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиққан ҳолда бир мартали пул маблағини тўлаб бериш шаклида амалга оширилади.