Баҳром Тўлқинович Қўчқоров Президент қарорига мувофиқ адлия вазирининг ўринбосари этиб тайинланди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Бунга қадар у 2017 йил май ойидан буён Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раҳбари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Баҳром Қўчқоров — Тошкент давлат юридик институти (1994), АҚШнинг Вашингтон ҳуқуқ коллежи (1998) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (1999) тамомлаган, мутахассислиги юрист, иқтисодчи. Ўз меҳнат фаолиятини 1994 йилда Адлия вазирлиги Иқтисодий ислоҳотлар бўйича қонун ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертиза қилиш бошқармаси катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаган.

Икромов Музраф Муборакходжаевич ҳам адлия вазири ўринбосари этиб тайинланди.

Бунга қадар у 2019 йил мартидан буён Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди. Аввалроқ — Ҳисоб палатаси раиси бўлган. 2015−2017 адлия вазири бўлган.

Музраф Икромов (1973 й. т.) — Тошкент давлат юридик институтини (1995), Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини (2007) тамомлаган, мутахассислиги ҳуқуқшунос.

У ўз меҳнат фаолиятини 1995 йилда Адлия вазирлиги иқтисодий ислоҳот бўйича қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертиза қилиш бошқармаси катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаган.