Избоскан тумани ва Андижон вилоятининг бошқа туманларида «Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам» пиёда юриш акцияси ўтказилди, дея хабар берди туман маъмурияти. Оммавий спорт тадбири тўғрисида «Ўзбекистон 24» телеканали ҳам лавҳа тайёрлади.

Хабарда қайд этилишича, президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида аҳоли билан учрашувда аҳоли саломатлигини сақлаш, уларни соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари учун «Андижон наъмунаси» асосида хар куни кечки юришни ташкил этиш бўйича бергантопшириқ берган. Шу муносабат билан Избоскан туманида пиёда юриш акцияси ўтказилди.

«Ўзбекистон 24» телеканали репортажида қайд этилишича, тадбирда секторлар раҳбарлари (ҳоким, прокурор, ИИБ бошлиғи ва ДСИ бошлиғи), ёшлар вакиллари ва кекса ёшли кишилар иштирок этган. Жами 5 километрлик масофа босиб ўтилган.

Пиёда юриш акциялари Хонабод, Жалақудуқ, Балиқчи, Хўжаобод, Қўрғонтепа туманларида ҳам ўтказилиб, улардан 500 нафардан зиёд ёшлар ва кексалар иштирок этган.

«Бу каби тадбирларни ҳар куни ҳар бир туман ва шаҳарда ўтказиш белгиланди», — дейилади «Ўзбекистон 24» лавҳасида.

11 майдан бошлаб Ўзбекистон туман ва шаҳарларида карантиннинг учта даражасидан бири — «қизил», «сариқ» ёки «яшил» (шу вақтдан бери барча ҳудудлар учун янгиланган маълумотлар эълон қилинмади) амал қилинмоқда. Юқоридаги туманлардан Хонобод, Балиқчи, Хўжаобод, Қўрғонтепа ва Избоскан туманлари «яшил», Жалақудуқ тумани эса «сариқ» ҳудудга киритилган. Республика махсус комиссияси туман ва шаҳарларда карантин даражасига қараб карантин чораларини белгилаган, аммо барчага мажбурий талаблар қўйилган. Шу жумладан, ижтимоий масофани сақлаш (2 метр), юз ниқобларидан фойдаланиш, барча турдаги оммавий тадбирларни ўтказишни тақиқлаш.

Фотосурат ва видеолавҳаларда ижтимоий масофанинг бузилгани, ниқоблар тушириб қўйилганини (ёки уларнинг йўқлиги) кўриш мумкин. Бундан ташқари, оммавий тадбир ўтказишга қўйилган тақиқ ҳам бузилган.

Бундан ташқари, Избоскан туман Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази 23 май куни юк машинасида Россиянинг иккита шаҳрида бўлиб, Ўзбекистонга қайтган, чегарани Тошкент вилоятидаги Чирчиқ пости орқали кесиб ўтиб, Matiz автомобилида Қўйлиқ бозорига етиб олиб, шахсий Lacetti автомобилида уйига қайтган фуқарода коронавирус аниқлаганини маълум қилган эди. У билан мулоқотда бўлган 51 киши карантинга жойлаштирилиб, улардан COVID-19 учун намуналар олинган.

Андижон вилоят ҳокимлигининг мазкур акция юзасидан берган расмий баёнотига кўра, коронавирус туманнинг Жонобод МФЙ ҳудудида яшовчи фуқарода аниқланган. Мазкур маҳала туман марказидан 4 км, акция ўтказилган ҳудуд (Куйган ёр МФЙ)дан 10 км узоқликда жойлашган бўлиб, ташкил этилган пиёда юриш акциясида ушбу ҳудуддан ҳеч ким иштирок этмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 25 майдаги маълумотларига кўра, Андижон вилоятида 174 та коронавирус ҳолати аниқланган бўлиб, 167 бемор соғайган.