«Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазони ижро этиш фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Ҳукумат қарори (316-сон, 22.05.2020 й.) қабул қилинди, дея хабар берди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Қарорга мувофиқ, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазони ижро этиш соҳасидаги қуйидаги маълумотлар махфийликдан чиқарилади:

  • ИИВнинг жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар;
  • ИИВнинг жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари сони ҳамда улар жойлашган жой тўғрисидаги маълумотлар;
  • жазони ижро этиш муассасаларининг ишлаб чиқариш фаолияти, улар томонидан номенклатура бўйича ва пул билан ифодаланадиган ишлаб чиқарилаётган товар маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар;
  • ИИВнинг жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар орасида ўлим ҳолатлари сони тўғрисидаги маълумотлар;
  • жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган ва тиббий тусдаги мажбурий чоралар қўлланиладиган маҳкумлар сони тўғрисидаги маълумотлар.