Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида «Имом Термизий» ўрта махсус ислом таълим муассасаси очилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Мусулмонлар идораси матбуот хизмати. Мазкур мадраса давлат раҳбарининг 2019 йил 17−18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ижроси юзасидан ташкил этилди.

Таълим муассасаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим маскани бўлиб, бу ерда ўрта махсус диний маълумотли ислом шариати ва ҳадис илмлари мутахассиси, имом-хатиблар тайёрланади.

Мазкур таълим муассасасига 2020−2021 ўқув йили учун абитуриентлар қабул имтиҳонлари асосида ўқишга қабул қилинади. Абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш 2020 йилнинг 15 июндан бошлаб онлайн шаклда амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Таълим муассасасига умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасини тугатганлиги ҳақида ҳужжат (диплом)га эга бўлган фуқаролар қабул қилинади.

Кириш имтиҳонлари ўтказишнинг тасдиқланган тартиби ва қабул жараёнларига оид маълумотлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz сайти ва бошқа ижтимоий тармоқлар саҳифалари орқали бериб борилади.