Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевга нисбатан босим ўтказилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан депутатнинг бевосита иштирокида ўрганиш ўтказиб, натижада депутатга прокуратура органлари томонидан бирон босим ёки тазйиқ ўтказилгани аниқланмади, дея баёнот берди Бош прокуратуранинг матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Р.Кушербаевга сиёсий фаоллиги туфайли босим ўтказилганлиги ҳақида оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган хабарлар юзасидан Бош прокуратурада депутатнинг бевосита иштирокида ўрганиш ўтказилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, депутат Р.Кушербаевга прокуратура органлари томонидан бирон босим ёки тазйиқ ўтказилганлигини тасдиқловчи объектив далиллар аниқланмади.

Аҳоли орасида обрў қозонган жамоатчилик вакилига нисбатан уйдирма

Маълум қилинишича, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси томонидан Янгийўл туманидаги «Қўш-ёғоч олтин файз балиқлари» МЧЖга ажратилган балиқчилик ҳавзасидан қум шағал аралашмасини ноқонуний олиб чиқиб кетиш ҳолати юзасидан ўтказилган текшириш ҳужжатлари чора кўриш учун прокуратура органларига тақдим этилган, дейилади хабарда.

Мазкур ҳужжатлар асосида 24 январь куни ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Янгийўл тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ўтказилган.

Маълум қилинишича, тергов давомида ушбу жамият раҳбари Ж.З. акаси Б.Қ. билан жиноий тил бириктириб, балиқчилик фаолиятини ташкил этиш учун ажратилган 11,8 гектар ер майдонидан 600 млн. сўмлик 57,2 минг куб.метр қум — шағал аралашмасини қазиб олиб, тегишли лицензияга эга бўлмасада, қонунга зид равишда сотиб юбориб, талон-торож қилганлиги, бу орқали давлатга жуда кўп миқдорда зарар етказганлиги аниқланган.

Шу сабабли Ж.З.га ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиниб, ишнинг унга нисбатан қисми 4 май куни жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судига юборилган. Айбланувчи Б.Қ.га эса, терговдан яширинганлиги сабабли қидирув эълон қилинган.

Ижтимоий тармоқларда, шу жумладан қидирувда бўлган Б.Қ. томонидан Интернет тармоғида эълон қилинган видеомурожаатда ушбу жиноят иши тергови давомида гўёки «Қўш-ёғоч олтин файз балиқлари» МЧЖ депутат Р.Кушербаевга тегишли эканлиги ҳақида кўрсатмалар олишга уриниш бўлганлиги ҳақида уйдирмадан иборат хабарлар тарқатилган.

Жиноят иши Бош прокуратурада ўрганилганда, иш бўйича депутат Р.Кушербаевга оид бирон-бир масала муҳокама қилинмаганлиги, унга алоқадор маълумот тўпланмаганлиги ёки у билан боғлиқ тергов ҳаракатлари ўтказилмаганлиги маълум бўлди.

Бош прокуратура ходимлари томонидан Ж.З. билан холис ўтказилган суҳбат давомида, у терговда ундан Р.Кушербаев ҳақида ҳеч қандай маълумот сўраб-суриштирилмаганлигини, у ҳақида савол берилмаганлигини, унга қарши кўрсатма бериш талаби билан тазйиқ ўтказилмаганлигини билдирди.

Бош прокуратура ижтимоий тармоқларда тарқатилган бу уйдирмаларни аҳоли орасида обрў қозонган жамоатчилик вакиллари номидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиб, тергов натижасига таъсир ўтказишга ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончсизлик уйғотишга қаратилган уриниш деб баҳолайди.

Шунингдек, Р.Кушербаевнинг Бош прокуратурада ўтказилган суҳбатда ўзига нисбатан босим сифатида баҳолаган бошқа важлари ҳам ўзининг иштирокида тўлиқ текширилиб, унга, шу жумладан, фаолияти билан боғлиқ равишда таъсир кўрсатиш ёки босим ўтказиш ҳолатлари аниқланмади.

Мазкур важлар Р.Кушербаевнинг шахси ва ишчанлик обрўсига алоқадорлиги туфайли тафсилотлари очиқланмаслиги маълум қилинади.

Депутат Р.Кушербаев Бош прокуратурада ўтказилган ўрганиш натижалари билан таништирилди. Шу билан бирга, келгусида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан унинг сиёсий фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай тазйиқ ёки босим ўтказилишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар белгиланди.

«Зеро, Р.Кушербаев жонкуяр ва ташаббускор депутат сифатида фаолият олиб бормоқда. У билан прокуратура органлари ўртасида доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган», — дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Расул Кушербаевнинг таъкидлашича, мазкур иш жараёни давомида у Ўзбекистонда депутатлик дахлсизлиги, шаъни ва ишчанлик обрўсини муҳофаза қилиш масаласиша масъулият билан ёндашилаётганлигини кузатиб борди.

«Энг муҳими, депутатларнинг давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида халқ вакили сифатида ўз вазифасига онгли равишда виждонан ёндашиб, сайловчилар манфаати йўлида интилиши холис фаолият бўлиб, бу борада унга ҳеч қандай таъсир кўрсатилиши мумкин эмас. Бундай таъсирлар кескин қораланади. Бош прокуратура ва мазкур тизим бу борада депутатларни доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирмоқда», — деди депутат.