Ўзбекистон президенти топшириғи билан 2021 йил якунига қадар Андижон вилоятининг барча шаҳар ва туманларида жами 16 та IT-марказ очилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълум қилди.

Мазкур марказларнинг 6 таси жорий йил охирига қадар фойдаланишга топширилиши лозим. Уларда ёшларни ўқитиш ва ахборот технологиялари йўналишида ҳар йили 5 мингдан зиёд ўқитувчилар малакаси оширилади.

Шу билан бирга, 2020 йил якунига қадар вилоятдаги 764 та ўрта умумтаълим мактабидаги 19,2 минг нафар 7−11 синф ўқувчиларини «Бир миллион ўзбек дастурчилари» («One Million Uzbek Coders») лойиҳаси доирасида ўқитиш, ўқишни муваффақиятли якунлаган тингловчиларни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетига онлайн тизим (сиртқи) ўқишга қабул қилиш белгиланган.

Шунингдек, ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини ошириш мақсадида Андижон вилоятида яқинда ташкил этилган «Digital city» технопарк резидентлари билан турли хил амалий машғулотлар, лаборатория дарслари ўтказилади, қўшма лойиҳалар, фриланс ҳамда стартап лойиҳаларини амалга оширилади.

Ушбу тадбирларни амалга ошириш натижасида 2022 йил якунига қадар Андижон вилояти бўйича АКТга истисослашган 4 мингдан зиёд малакали мутахассислар ва янги иш жойлари яратилади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига сафари чоғида вилоят марказида Digital City номли технопарк билан танишган эди. Шунингдек, давлат раҳбарининг иштирокидаги йиғилишда таълим сифатини яхшилаш ва келажакда ўқувчиларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ўқувчиларни 7-синфдан қизиққан касбига йўналтириш бўйича кўрсатмалар берилганди.