Қорақалпоғистонинг Тўрткўл туманида 13 ёшли ўғлини 15 минг доллар эвазига сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди, дея хабар берди ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Департамент маълумотларига кўра, 19 май куни 43 ёшли М.П. Тўрткўл туманида яшовчи «Қундуз» исмли аёл ноқонуний равишда ўз фарзандини сотмоқчи бўлиб юрганлигини баён қилган.

Унинг ушбу аризасига асосан шу куни соат 21:00 да ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Тўрткўл туманида жойлашган намунали уйда ижарада яшаб келаётган 38 ёшли Қундуз К. ўзининг иккинчи фарзанди вояга етмаган 13 ёшли Д.О.ни фуқаро С.Э.га сотаётган вақтида ушланган.

Ҳодиса содир бўлган жойдан кимёвий ишлов берилган 400 доллар ҳамда қолган 14,6 минг доллар миқдоридаги пуллар аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинган.

Ҳолат юзасидан Тўрткўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Қундуз. К., га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (одам савдоси) банди билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.