АҚШ ҳукумати, Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонга короновирус пандемиясига қарши кураш учун қўшимча 3 млн доллар ажратади. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳабар берди.

Унга кўра, Вашингтон соғлиқни сақлаш ҳамда диагностика муассасаларида инфекция тарқалишининг олдини олиш учун маслаҳатлар ва техник кўмак бериш орқали Ўзбекистоннинг COVID-19 га қарши олиб бораётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Маълум қилинишича, мазкур 3 млн долларлик ёрдам билан АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонда коронавирусга қарши саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда кўрсатган бевосита ёрдами 5,92 млн долларни ташкил этмоқда. Бундан, 3,8 млн доллари эса USAID ҳиссасига тўғри келиши маълум қилинди.

«USAID нинг Ўзбекистондаги дастурлари кенг кўламли тест ўтказиш учун лаборатория тизимларини тайёрлаш ҳамда вирус юқтириб олган беморларга оид ҳолатни яхшилашга ҳам ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, USAID дастурлари коронавирус тарқалишини тўхтатишга кўмаклашиш ва дезинформация ёйилишининг олдини олиш мақсадида аҳолининг заиф қатламларига аниқ ва тўғри маълумот етказиш орқали маҳаллий жамоалар билан муносабатларда ҳамкорлик қилмоқда», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 8 май куни АҚШ ҳукумати Сардоба сув омбори ўпирилишининг оқибатларини бартараф этиш учун 100 минг доллар ажратгани ҳақида маълум қилинганди.