«Beeline Uzbekistan» мобил оператори абонентларга «Ғолиб бўл ва ютиб ол!» акцияси бўйича нотўғри хабар юборилган, дея хабар берди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги. Вазият юзасидан «сохта реклама орқали истеъмолчиларга нотўғри маълумот» тарқатганлиги учун ViaMobi МЧЖга нисбатан иш қўзғатилган.

Қайд этилишича, акция иштирокчиларининг телефон рақамларига «Сизнинг телефон рақамингиз 100 000 000 сўмлик супер ютуқнинг соҳиби сифатида танланди! Хизматга обуна бўлиш нархи кунига 1999 сўм», деган мазмунда СМС-хабар юборилган.

Агентлик сўровига жавобан «ViaMobi» МЧЖ мазкур акцияда иштирок этишга эътиборни жалб қилиш учун танланган абонентлар гуруҳига СМС-хабар юборилганлиги ҳамда матнни мослаштириш (таржима қилиш) жараёнида хато туфайли хабар маъноси ўзгариб кетганини маълум қилган.

Аслида абонентларга қуйидаги матндаги хабар жўнатилиши керак бўлган: «Сиз ғолиб бўлишингиз мумкин» (Hisobni to’ldirganingiz uchun Sizga 500 ball taqdim etildi. Sizning ****** raqamingiz 100 000 000 so’mlik super yutuqning ehtimoliy sohibi sifatida tanlandi! SMS orqali 3 sonini 6767 ga yuboring! Xizmatga obuna bo’lish narxi 1999 so’m/kun. Ma’lumot: http://win.beeline.uz).

Реклама акциясида 749 минг истеъмолчи қатнашиб, март ойи ҳолатига умумий даромад миқдори 1 млрд сўмни ташкил этган.

Шу муносабат билан ViaMobi МЧЖ томонидан тақдим этилган реклама берувчига нисбатан «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида» ва «Реклама тўғрисида"ги қонунларни бузганлик учун иш қўзғатилган.

«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга кўра, нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.