Андижон вилояти ривожланиши учун 7 трлн сўм инвестиция ўзлаштирилади, дея Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳрида ўтаётган йиғилишда маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда Андижон вилоятида 789 та лойиҳа бўйича 7 трлн сўмлик инвестиция ўзлаштирилиб, 42 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бунда, тўқимачилик йўналишида умумий қиймати 106 миллион доллар бўлган 13 та лойиҳа амалга оширилиб, ип-калавани қайта ишлаш даражаси 78 фоизга етказилади, 278 млн долларлик экспорт таъминланади.

Қурилиш материаллари тармоғида 2020−2021 йилларда 74 лойиҳа самарасида 106 млн долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шунингдек, оилавий тадбиркорликка 353 миллиард сўм кредит, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 20 млн доллар ажратилиши белгиланди.

Йиғилишда қайд этилишича, вилоятда бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолини солиқдан озод қилинган 60 дан ортиқ турдаги касбга ўқитиш бўйича давлат раҳбари томонидан топшириқлар берилди.

Таълим сифатини яхшилаш, ўқувчиларни 7-синфдан қизиққан касбига йўналтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Бу келгусида уларнинг бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

«Мени энг кўп ўйлантирадиган масала — ёшлар ва хотин-қизлар. Уларга эътибор, кўмак керак. Билими, қўлида касб-ҳунари бўлса, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетади, дунёқараши ҳам бошқача бўлади. Ота-онаси, оиласи ҳам давлатдан рози бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, президент Андижон вилояти аҳолисининг турмуш шароитларини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш масалалари бўйича бош вазир ўринбосарлари, тармоқ раҳбарларининг ҳисоботини тинглади.

Маълум қилинишича, 2020 йилда вилоятда аҳоли учун 6 196 та уй жойлар барпо этилган. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 2 баробар кўп. Давлат раҳбари уй-жойга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиб, Андижон вилоятида 819 та оилага субсидия ажратиш зарурлигини таъкидлади. Бу йил 642 километр автомобиль йўли, 85 километр ичимлик суви тармоқлари қурилиши ва таъмирланиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, давлат раҳбари йиғилиш давомида эндиликда ҳар бир секторда «Камбағалликни қисқартириш штаби» ташкил этилишини маълум қилганди.