Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эндиликда ҳар бир секторда «Камбағалликни қисқартириш штаби» ташкил этилиши ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари Андижон вилоятидаги йиғилиш давомида таъкидлаб ўтди.

Йиғилишда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, иш ўринлари ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Андижон вилоятида 40 мингдан зиёд муҳтож оилалар борлиги маълум қилинди. Шу боис, вилоятда саноат лойиҳалари, қишлоқ хўжалиги ва томорқачилик, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига мазкур эҳтиёжманд оилаларга даромад манбаи яратиш зарурлиги таъкидланди.

«Бош вазир ўринбосарлари, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ҳар бир камбағал оила муаммоларини аниқ билиши, улар билан манзилли ишлаши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Янги ташкил этиладиган камбағалликни қисқартириш штабларига иқтисодиёт, молия, меҳнат, инвестиция, солиқ идоралари ва банк вакиллари бириктирилиши ва уларнинг иш ҳақи миқдори эришилган натижаларга боғлиқ бўлиши ҳақида маълум қилинди. Шунингдек, эндиликда солиқ идоралари текширувчи эмас, солиқчига кўмакчи бўлиши кераклиги таъкидланди.

«Статистлар берган рақамлар билан шу пайтгача тўғри йўналиш қилиб бўлмади, халқимиз манфаат кўрмади. Таклифлар туманлардан, одамларнинг ўзидан чиқиши керак. Вазирлар, раҳбарлар кабинетда эмас, ҳудудларда, узоқ қишлоқларда ишлаши зарур. Шундай оғир шароитда фидойи бўлмаган раҳбар — хиёнатчи. Шу халқ учун ойлик олиб юрибсизлар. Давлат идораси вакили халққа қанча яқин бўлса, жойларда шунча натижа бўлади, адолат мезони таъминланади», — дея таъкидлади Президент.

Эслатиб ўтамиз, 21 май куни Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, одамлар ҳаёти билан танишиш мақсадида Андижонга ташриф буюрган эди.