Соғлиқни сақлаш вазирлиги Навоий вилоятида коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони ортганини хабар қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, бугун кун давомида коронавирус инфекцияси аниқланганлар 61 нафарни ташкил қилмоқда. 39 та ҳолат аҳоли орасида қайд этилган бўлса, беморларнинг 24 нафари Самарқанд, 15 нафари Навоий вилоятларига тўғри келмоқда. Ҳозирда ушбу беморлар билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар белгиланган тартибда қатъий карантинга олинган.

Айни пайтда Навоий вилоятида 66 нафар коронавирусга чалинган беморлар қайд этилиб, уларнинг барчаси ушбу ҳудудда касалликка чалинган, уларнинг орасида хориждан келганлар йўқ. Шундан 2 нафари соғайган бўлса, қолган 64 нафари даволанмоқда (инфографикага қаранг). Навоий вилояти бор йўғи 3 фоиз соғайиш кўрсаткичи билан касалликдан даволаниш бўйича мамлакатимизда энг сўнгги ўринда бормоқда. Ваҳоланки, юртимизда соғайиш кўрсаткичи 81 фоиздан ошган.

Карантин қоидаларига қатъий риоя этилмаганлиги оқибатида вилоятда сўнгги икки ҳафтада касалликка чалинганлар сони кескин ошди. Мисол учун, 20 май куни 17 нафар, 21 май куни 5 нафар қайд этилган бўлса, бугун соат 10.00 ҳолатига яна 15 нафар фуқарода касаллик тасдиқланиб, вилоятда сўнгги уч кунда вирус юқтирганлар 37 нафарга кўпайди. Касаллик тарқалишининг асосий ўчоғи Зарафшон шаҳри бўлиб турибди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Навоий вилояти, шунингдек, бошқа коронавирус инфекциясига чалинганлар аниқланаётган бошқа ҳудудларда карантин қоидаларини кучайтириш, Миллий гвардия, Мудофаа ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамда маҳаллий хокимлик вакиллари билан биргаликда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни самарали даволаш ҳамда карантиндаги фуқароларни тиббий кузатувга олишни янада самарали йўлга қўйиш борасида изчил фаолият олиб борилмоқда.

Вазирлик нафақат Навоий ёки Самарқанд вилоятлари, балки барча ҳудудларидаги аҳоли ҳам хушёр бўлишлари, бундан тўғри хулоса чиқаришлари кераклигини таъкидлади.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, яна бир бор, карантин қоидаларига, жумладан, ижтимоий масофани сақлаш, жамоат жойларида тўпланмаслик, қўлларингизни тез-тез ва яхшилаб ювиш, қўлни кўкракка қўйиб саломлашиш, тиббий ниқоб тақишда давом этиш каби қоидаларга қатъий амалга қилишларини сўради.

«Шунингдек, муборак Рамазон ҳайити байрами арафасидамиз. Ушбу муқаддас кунда гуруҳ-гуруҳ бўлиб, хонадонма-хонадон юришларни чеклаш, турли маросимларни ўтказмасликни қатъий сўраб қолади. Чунки атрофимизда касалликка чалинганлар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Демак, сиз ҳам касалликка чалинишингиз, уйга келиб, оила аъзоларингизга юқтиришингиз эҳтимоли катталигини асло унутманг. Бу эса жуда жиддий оқибатларга сабаб бўлиши мумин», — дейилади хабарда.