Жума шаҳрида ҳаракат вақтинчалик тўхтатилади, дея хабар қилди Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.

Мазкур қарор туман аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг туман ҳудуди бўйлаб тарқалишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинди.

Туман ҳокими Ш. Худайбердиев фармойишига билан 21 май куни соат 19:00 дан бошлаб Жума шаҳрига туманнинг бошқа ҳудудларидан кириб келаётган автотранспорт воситалари ҳамда фуқароларнинг қуйидаги йўналишлар бўйича ҳаракатланиши вақтинча тўхтатилади:

  • 4Р-46а автомобиль йўлининг 1-километри, Жума шаҳрига кириш йўли;
  • Жума шаҳар Ҳавузак маҳалласи Камалак кўчаси йўли;
  • 4К-547 автомобиль йўлининг Жума шаҳар Ш. Рашидов маҳалласи М.Шарапов ва Бўстон кўчаларига кириш йўли;
  • Самарқанд — Жума — Каттақўрғон 4Р-46 автомобиль йўлининг 24-клометри, Жума шаҳрига кириш йўли;
  • Самарқанд — Жума — Каттақўрғон 4Р-46 автомобиль йўлининг 25-клометри, Жума шаҳар Буюк Турон кўчасига кириш йўли.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Навоий ва Самарқанд вилоятларида аҳоли орасида аниқланаётган коронавирус ҳолатлари сони ортаётгани ҳақида хабар қилган эди. Хусусан, бугун кун давомида 61 кишидан COVID-19 аниқланган бўлса, уларнинг 24 нафари Самарқанд вилоятидан.