«Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурига 100 млн доллар эквивалентида қўшимча маблағлар ажратилади, дея хабар берди Адлия вазирлиги. 20 май куни «Ҳар бир оила — тадбиркор дастурини молиялаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиявий ресурслар билан таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини ошириш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қўшимча равишда 100 млн доллар эквивалентидаги маблағлар қуйидаги ваколатли банкларга ажратилади:

  • «Агробанк» АТБга — 40 млн доллар эквивалентида;
  • Халқ банкига — 30 млн доллар эквивалентида;
  • «Микрокредитбанк» АТБга — 30 млн доллар эквивалентида.

Маълумот учун, 2018 йил 7 июнь куни ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури қабул қилинганди.

Унга кўра, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида мутасадди идоралар томонидан тизимли амалий ёрдам кўрсатилиши таъминланади.

Президентнинг 2019 йил 24 октябрдаги қарорида 2020 йилда «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга оширилиши учун 2,418 трлн сўм (таҳминан 239,4 млн доллар) миқдоридаги маблағ йўналтирилиши белгиланган эди. Унда, «Агробанк» АТБга ва АТ Халқ банкига 967,2 млрд сўмдан ва «Микрокредитбанк» АТБга 483,6 млрд сўм ажратилганди.