22 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3006 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Унга кўра, аниқланган янги касалланиш ҳолатларининг 5 нафари олдиндан карантинда бўлган фуқаролар, 6 нафари хориждан келган шахслар (барчаси халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси), 28 нафари эса аҳоли орасидан қайд этилди.

Аҳоли орасидан аниқланган ҳолатларнинг 13 нафари Самарқанд, 15 нафари эса Навоий вилоятларига тўғри келади. Ҳозирда ушбу беморлар билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар белгиланган тартибда қатъий карантинга олинган, дейилади хабарда.

Ҳозирда Республика бўйлаб коронавирус инфекциясидан 586 киши даволанмоқда, улардан 4 нафарининг аҳволи оғир, деб маълум қилинмоқда.

Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони ҳозирда 2407 кишини ташкил этмоқда. Ўн уч киши ҳаётдан кўз юмган.