19 май куни тахминан 13:30 да Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан ўтган 4R-76 автойўлининг 8-километрида 31 ёшли ҳайдовчи М. Ж. Nexia автомобилида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, 39 ёшли Н. Т. бошқарувидаги Lacetti билан тўқнашган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Оқибатда Nexia автомашинасининг йўловчиси 19 ёшли З.Н. ҳодиса жойида, ҳайдовчи М.Ж. эса тиббиёт бирлашмасида вафот этган. Бундан ташқари, ҳар икки автомашинадаги 6 нафар йўловчидан 5 нафари оғир тан жароҳати, бир нафари эса енгил тан жароҳати олган, уларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қоракўл туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

ИИВ ЙҲХББнинг аниқлик киритишича, бир йиллик ҳайдовчилик тажрибасига эга Nexia ҳайдовчиси йил давомида 12 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган ва маъмурий жавобгарликка тортилган. Авария жойига тезликни ўлчаш учун радар ўрнатилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда карантин чоралари кучайтирилиб, автомобиллар ҳаракатига чекловлар жорий этилганига қарамасдан, апрель ойида 336 та ЙТҲ содир бўлиб, улар оқибатида 76 нафар киши вафот этгани хабар қилинган эди.