Асли ўзбекистонлик тадбиркор Алишер Усмонов Андижон вилояти Марҳамат туманидаги эҳтиёжманд оилаларга 2,5 миллиард сўм миқдоридаги моддий ёрдам ажратди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» нашри маълум қилди.

Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги ўтказилган ўрганиш давомида жами 48 та маҳалладан 1000 та оила эҳтиёжманд, деб топилган. Уларга моддий ва маънавий кўмак бериш мақсадида ўзбекистонлик таниқли ишбилармон Алишер Усмоновнинг 2,5 миллиард сўм миқдоридаги моддий ёрдами ажратган. Бу маблағлар ҳар бир оилага 2,5 миллион сўмдан тақсимлаб берилган.

«Кундалик ташвишлар билан овора бўлиб ҳатто оиламизнинг, айниқса, фарзандларимизнинг истиқболи ҳақида қайғуриш кўнглимизга ҳам сиғмаётган бир пайтда саховатли инсонларнинг кўрсатган муруввати энг катта мукофот бўлди. Бу маблағ нафақат моддий ёрдам, балки, эртанги кунимизга, ҳукуматимизга, меҳри уммон замондошларимизга бўлган ишонч ифодасидир», — деди марҳаматлик Абдурасул Иномов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, россиялик тадбиркор, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов Сирдарё вилоятидаги сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам учун 10 млн доллар тақдим этганди. Шунингдек, Усмонов Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашга ҳам 20 млн доллар ажратди.