Коронавирус пандемияси оқибатида АҚШда ишсизлар сони 40 миллион кишига яқинлашиб қолди. Бу ҳақда The New York Times хабар бермоқда.

Хабарга кўра, ўтган ҳафта давомида ишсизлик бўйича мамлакат Меҳнат вазирлигига келиб тушган аризалар сони 2,5 млн атрофида бўлиши мумкин. Бу — умумий ишсизлар сонининг 39 млн атрофида бўлишини англатади.

Census Bureau томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, қарийб 50 фоиз катта ёшдаги кишилар ўзлари ёки оила аъзоларинг март ойи ўрталаридан бошлаб ишсиз қолганини айтишган. Деярли 40 фоиз киши кейинги 4 ҳафта давомида ишсизлик давом этишини кутаётганлигини айтган.

Мутахассислар томонидан айрим касбларнинг мутлақо йўқолиб кетиши ҳақида ҳам хавотирлар билдирилган. Стэнфорд университети профессори Николас Блум ҳозирда иш фаолияти тўхтаб турган 42 фоиз ҳолатларда одамлар кейинчалик умуман ишсиз қолишлари эҳтимолини айтган. «Бу биз кутганимиздан узоқроқ ва аянчлироқ давом этиши мумкин», — дея фикр билдирган у.