Тошкент шаҳар ҳокимлигининг хабар қилишича, пойтахтдаги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ўз ишини якунлади.

Пойтахтдаги мазкур марказ, маълумотга кўра, ўзининг фаолияти давомида (1 апрелдан 20 май кунигача) жами 84 636 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан мурожаатлар келиб тушган. Шундан 65,431 таси «1197» ягона колл-марказ рақамига, 16 747 таси маҳаллалар тавсиясига кўра ва 2 458 та мурожаат эса ижтимоий тармоқлар орқали тушиб, марказ волонтёрлари томонидан кўриб чиқилган.

Маълум қилинишича, пойтахтдаги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази карантин вақтида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 40 хилдаги 941 тонна 570 килограмм, 148 769 литр, 166 274 қадоқ озиқ-овқат маҳсулотлари ёрдам тариқасида тарқатган. Шу боис, жами миқдорда 11,8 млрд сўмлик маҳсулотлар эҳтиёжманд оилаларга олиб борилди.


Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати

Шунингдек, эҳтиёжига кўра, марказдан дори-дармон воситаларни сўраган 1 686 та пойтахтда яшайдиган оила 3 201 та, яъни 137,9 млн сўм миқдордаги турли хил дори воситалари билан таъминланди.


Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати

«Асосан 500 нафар кўнгиллилардан (волонтёр) ташкил топган марказ аъзолари 50 кун давомида, деярли бир оила бўлиб ҳаракатланишди», дейилади марказ фаолияти ҳақида тайёрланган репортажда.



Эслатиб ўтамиз, 1 апрель куни Республика махсус комиссиясининг қарори билан якка тартибда хайрия тадбирларини ўтказиш вақтинча тақиқланиб, унинг ўрнига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил қилинганди. Карантин вақтида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, уларга зарур маҳсулотларни етказиб бериш ушбу марказнинг асосий вазифаси этиб белгиданган эди.