Туркманистонда жазо ўтаган 61 нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Маҳкумлар амнистия эълон қилинганидан сўнг озодликка чиқарилди, дея хабар берди Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Озод этилганларнинг 59 нафари эркак ва 2 нафари аёллар бўлиб, 1 нафардан Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятидан, 2 нафари Бухоро, 3 нафари Тошкент, 5 нафари Қашқадарё, 25 нафари Хоразм вилояти ва 24 нафари Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи фуқаролардир.

Улар карантин тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя этилган ҳолда Бухоро вилояти Олот туманидаги Божхона чегара пости орқали Республика ҳудудига киритилиб, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган 14 кунлик махсус карантин сақлаш жойига жойлаштирилди.

Улар орасидан Ўзбекистон ҳудудида қидирувда бўлган 5 нафар шахснинг 3 нафари Хоразм вилояти ва 2 нафари Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи фуқаролар. 2 киши махсус конвой автомашинаси орқали яшаш жойи — Қорақалпоғистон Республикасига жўнатилди.