Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳрида барпо этилган кўп-қаватли уйларни кўздан кечириб, уларнинг яшовчилари билан суҳбатлашди, дея президент матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, давлат раҳбарининг Андижонга бўлган ташрифи давомида, унинг 2018 йилдаги топшириғи билан қурилган янги уй-жойларни кўздан кечирди. Топшириққа асосан Андижон шаҳрида йигирмата 7 қаватли, иккита 16 қаватли уй барпо этилди.

Президент ушбу мавзени бориб кўрди. Хонадонлардан бирида бўлиб, оила билан суҳбатлашди.


Маълум қилинишича, мазкур уйлар жаҳон стандартлари асосида яхлит темирбетондан зилзилага бардошли қилиб қурилган. Бинонинг ташқи деворлари энерготежамкор базальт материали билан қопланган. Уларда Интернет тармоғи, видеокузатув ускуналари ўрнатилган. Жиҳозлаш ишлари март ойида якунланиб, аҳолига тайёр ҳолда топширилди.

Шунингдек, уйлар ҳовлисида дам олиш ва спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, автотураргоҳ барпо этилган.


Қайд этилишича, Андижон аҳоли зичлиги энг юқори ҳудудлардан бири. Бу янги барпо этилган уйларда шунча майдондаги бошқа лойиҳаларга нисбатан 2 баробар кўп хонадонлар жойлашгани маҳаллий шароит учун жуда муҳим. Шу боис хонадонларнинг нархи ҳам хамёнбоп, дейилади хабарда.

«Камбағалликдан чиқишнинг энг асосий замини — уй-жой. Одамларнинг бошпанаси бўлса, ўзи ҳаракат қилиб, рўзғорини оёққа қўйиб олади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу билан бирга, аҳолини турар жойлар билан таъминлашни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди. Туманлардаги аҳоли зич жойларга ҳам коммуникация олиб бориб, барча шароитларга эга кўп қаватли уйлар қуриш, замонавий қишлоқлар бунёд этиш бўйича кўрсатмалар берилди.