Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан, Сардоба тошқини оқибатида илмий ёзмаларини йўқотган Тошкент давлат педагогика университетининг 3-курс таянч докторанти Камола Аброрхоновага докторлик даражаси истисно тариқасида берилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.

15 май куни давлат раҳбарининг мирзаободликлар билан бўлиб ўтган учрашуви давомида мазкур туманнинг «Навбаҳор» маҳалласида яшовчи 28 ёшли Камола Аброрхонова ўзининг илмий ёзмалари ва тадқиқот натижалари Сардоба тошқини оқибатида яроқсиз ҳолга келиб қолганини маълум қилган эди.

«Шу қишлоқда туғилиб ўсганман. Тошқиндан хабар топган кунимиз қўрқувдан хаёлимга икки ташвиш келди. Биринчиси, ёш боламни хавфсиз жойга кўчириш бўлса, иккинчиси — неча йиллар давомида олиб борган тадқиқотларим натижалари, тажриба-синовларимнинг кўпчилиги қўлёзма вариантда уйда қолаётган эди.Тошқин қайтгандан кейин уйга келганимизда не кўз билан кўрай… ҳаммаси сувда қолган эди, лой билан қоришиб ётган, хуллас яроқсиз эди», — деди Камола Аброрхонова президентга.

Ёш тадқиқотчи шунча йиллар давомида олиб борган меҳнати йўқолганига ачинганига қарамай, унга энг муҳими фарзандлари, оиласи ва яқинларининг саломатлиги эканини таъкидлади.

У бошланғич синф ўқувчиларига дарс бериш технологиясини такомиллаштириш бўйича илмий изланишини давом эттиришини билдирди.


Мазкур мурожаатдан сўнг президент ёш олимага истисно тариқасида докторлик даражасини бериш бўйича топшириқ берди.

«Менга одамнинг докторлик ҳужжати керак эмас, менга шижоати, ватанга муҳаббати, интилиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев ва ёш олимани «ватанга муҳаббат, тарбиянинг мисолини амалга кўрсатган доктор», — дея таърифлади.


Репортажга кўра, президент топшириғидан сўнг бир неча кун ичида Камола Аброрхонова Ўзбекистонда биринчи бўлиб онлайн тарзда ўзининг «Бошланғич синф ўқувчиларини инновацион ёндашув асосида миллий руҳда тарбиялашнинг педагогик асосларини такомиллаштириш» мавзусидаги диссертациясини Гулистон давлат университетида ёқлади. Унинг илмий иши 12 кишидан иборат Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш томонидан баҳоланди.

Олий аттестация комиссияси раиси Аҳмедбек Юсуповнинг таъкидлашича, Камола Аброрхонованинг илмий иши натижалари умумий ўрта таълим давлат таълим стандартларига жорий этилади ҳамда 1−4 синфлар учун яратилаётган «Тарбия» фани дарслигида акс эттирилади.


Маълумот учун, 28 ёшли фалсафа доктори (PhD) Камола Аброрхонова Жиззах давлат педагогика институти «Бошланғич таълим» факультетида давлат гранти асосида таҳсил олган, 2014 йилда Навоий номидаги давлат стипендиясига сазовор бўлган. Магистратура босқичини Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида имтиёзли тамомлаган.