Regulation.gov.uz порталига Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистон миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармони лойиҳаси жамоат муҳокамасига қўйилди. Лойиҳага кўра, сайлов қонунчилигига қатор жиддий ўзгартиришларни киритиш таклиф этилмоқда.

Хусусан, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга сайлаш ҳуқуқини бериш режалаштирилмоқда. Амалдаги қонунчиликка кўра, ушбу шахслар сайлаш ҳуқуқига эга эмас. Янги ўзгаришларда суд томонидан индивидуал тартибда сайлаш ҳуқуқи чекланган ҳоллар бундан мустасно бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда муддатли сайловларни ўтказиш санасини декабрь ойидан март ойига кўчирилиш мумкин.

Фармонда бир номзод фақат битта вакиллик органига депутат этиб сайланиши мумкинлиги тўғрисидаги қоидани ўрнатиш ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, бўшаган депутатлик ўринларига сайлов ўтказиш учун аниқ муддатлар белгиланади.

Сайловчилардан ярмидан кўпининг овозини олган номзоднинг сайланган деб ҳисобланиши (мутлақ кўпчилик) тўғрисидаги қоида ўрнига, сайловчиларнинг энг кўп овозини олган номзоднинг сайланган деб топилиши (нисбий кўпчилик) ҳақидаги қоидани парламент ва маҳалллий кенгашларга сайловларда жорий этиш масаласини ўрганиш белгиланмоқда.

Сайлов жараёнини ташкиллаштириш

Парламентда ўз фракциясига эга бўлган сиёсий партиялар учун (камида 9 та депутатлик ўрни) сайловларда иштирок этиш учун сайловчиларнинг қўллаб-қувватловчи имзоларини (парламент сайловида 40 мингта, президентлик сайловида сайловчиларнинг 1% миқдорида) тўплаши шарт эмаслиги тўғрисидаги қоида ўрнатилиши кутилмоқда.

Парламент сайловларида мажоритар тизимдан аралаш (мажоритар пропорционал) тизимга ўтиш масаласи ўрганиб чиқилади.

Ҳозирги тартиб билан белгиланган сайловолди ташвиқоти даврида айрим чекловларни олиб ташлаш ҳам режалаштирилган. Жумладан, сайлов комиссияларининг депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашиш, учрашув жойи ва вақти ҳақида сайловчиларни олдиндан хабардор қилишга оид вазифалари бекор қилинади. Сиёсий партиялар ва номзодлар томонидан сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсат бериш тартиби бекор қилиниб, маҳаллий ҳокимлик идораларини олдиндан хабардор қилиш тартиби ўрнатилади.

Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақтини сиёсий партиялар билан келишиш тартиби ҳам бекор қилиниши режалаштирилган. ОАВ сифатида рўйхатга олинган (аккредитация қилинган) ОАВ вакилларини сайлов комиссиялари томонидан қайта аккредитация қилиш тартиби тугатилади (Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинмаган хорижий ОАВ вакиллари бундан мустасно).

Сайлов бюллетенининг матни соддалаштирилади. Хусусан бюллетень матнидан номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури) ва иш жойи ҳақидаги маълумотлар чиқариб ташланади.

Округ сайлов комиссияси томонидан округ бўйича сайлов натижалари тўғрисида баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун округ сайлов комиссияси биносига камида 48 соат муддатга дарҳол осиб қўйиш лозимлиги тўғрисидаги тартиб белгиланади.

Бундан ташқари, лойиҳада сайлов комиссияларининг қарорлари устидан шикоят қилиш муддатини 10 кундан 3 кунга қадар қисқартириш таклифи билдирилган.

Сайлов жараёнини молиялаштириш

Фармон лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида"ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчаларни киритишни назарда тутадиган қонун лойиҳасини тайёрлаш ҳам кўрсатилган.

Унга кўра, сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини молиялаштиришда давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан кўп бўлмаган миқдорда хусусий маблағларни ҳам жалб қилишга рухсат берилиши мумкин. Чет эл донорлари ва хорижий молиявий манбалардан юборилувчи маблағлар бундан мустасно бўлади.

Сиёсий партиялар томонидан сайлов кампанияси даврида Ғазначиликда ҳисобварақ очиш лозимлиги ҳақидаги қоидани киритиш ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикасининг «Ҳомийлик тўғрисида» ги Қонунига сайловолди ташвиқоти ва референдумга қўйилган масалалар бўйича ташвиқот мақсадида ҳомийлик қилиш тақиқланишига оид чеклов бекор қилиниши режалаштирилган.

Янги тартиб билан ташқи реклама воситаларида сиёсий партиялар ва номзодларга бепул жой ажратилиш амалиётидан воз кечилади.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги ва сайловларни ўтказиш тажрибасини янада такомиллаштириш» мавзусидаги халқаро конференцияни ташкиллаштириш ҳам кўзда тутилган.

Фармон лойиҳасининг муҳокамалари 4 июнга қадар давом этади.