Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган Сирдарё вилоятида хайрия учун юборилган буюмлар ёқиб юборилаётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, фотосуратларда акс этган ёнаётган буюмлар аслида Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши вақтида оқим зарар етказган ва яроқсиз ҳолдаги буюмлар бўлиб, улар аҳоли хонадонларини тозалаш вақтида йиғилиб, йўқотилмоқда.

«Бундай воситалар қайта фойдаланиш учун яроқсиз ҳисобланиб, санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди», — дейилади хабарда.

Ҳозирда Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида юзага келган сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда. Жумладан, тошқин ҳудудлари сувдан ҳоли этилиб, қуруқ ва қулай ҳолатга келтирилган.