Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 2640 та хонадонга мўлжалланган 66 та кўп қаватли уй жойлашган учта аҳоли турар жойларининг қурилиши бошланмоқда. Бу уйлар Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши натижасида келиб чиққан сув тошқинида турар-жойларидан айрилган аҳоли учун барпо этилмоқда.

Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов техноген фалокат сабабли 2640 та уй яшаш учун яроқсиз бўлиб қолгани, 1781 та уй эса таъмирланишга эҳтиёжи борлиги ҳақида хабар берган эди. У, шунингдек, 66 та уй қурилиши учун 950 млрд сўм ажратилганини маълум қилди.

«Пойтахтдагидек шароитлар»

Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Хидоятов президент топшириғига биноан яшаш учун яроқли ва яроқсиз уйлар тезкорлик билан аниқланганини таъкидлади.

Сардоба туманининг «Дўстлик» маҳалласида 37 та уйли биринчи турар жой барпо этилади (1480 та хонадон, улардан 25 таси заҳира учун). У ерга «Қўрғонтепа», «Юртдош» ва «Дўстлик» маҳаллаларида жабр кўрган 1455 та уйда истиқомат қилганлар кўчирилади.



Мирзаобод туманида «Навбаҳор» ва «Шодлик» маҳаллаларидан бўлган 346 та оила учун 9 та уй (360 та хонадон, улардан 14 таси захира учун) қурилади. Уйлар «Навбаҳор» маҳалласи ҳудудида барпо этилади.

Мирзаобод тумани «Ҳақиқат» маҳалласида эса 20 та кўп қаватли уй қурилади (800 та хонадон, улардан 31 таси захира учун). Янги турар жойга «Ҳақиқат», «Дўнгариқ», «Мирзачўл», «Шодлик», «Саҳоват», «А. Навои» ва «Аҳиллик» маҳаллалари аҳолиси кўчирилади.

Шерзод Хидоятовнинг сўзларига кўра, янги турар жойларнинг қурилиш майдонлари британиялик Benoy компанияси архитектори Жон Дэвисннинг тавсияларига кўра аҳоли зичлиги юқори бўлган жойлардан танланган. Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари аҳолини боқувчи суғориладиган ерлар учун кўпроқ жой қолдириш мақсадида 20−40 қаватли уйлар қуриладиган Хитойдаги Чунцин шаҳрини ҳам мисол қилиб келтирди.


Шерзод Хидоятовнинг сўзларига кўра, қурилиш учун аҳоли зичлиги юқори бўлган майдонлар танланган.

«Зарар кўрган ҳудудлар устидан учиб ўтганимизда, 70 йилларда қурилган уйларни кўрдик, темир бетонли конструкциялар дейилади. Шу уйлар урбанистика жиҳатидан жуда ҳам чиройли тахланиб, кўчалари ҳаммаси ўйланиб қурилган. Ўша уйларнинг ҳаммаси сақланиб қолган. Ичида бузилиб кетганлари бор, сабаби аҳоли конструкцияларни бузиб ўрнига бошқа қўшимча қурилмалар қилган, шунинг ҳисобига конструкциядаги ҳисоблар ўзгариб, у ерда талофат етган жойи бор. Лекин асосий қисми, 90 фоизи, сақланиб қолган. Президент ушбу уйларни тиклаганда замонавий талабларга жавоб берадиган, яхши уйлар қилиш кераклигини таъкидлади. У ерда ҳозиргача газ бўлмаган. Газ олиб келиш керак. Бу уйларда қишда иссиқ, ёзда салқин бўлиши керак. Уларни ўрганиб чиққандан кейин, бу уйларнинг ташқи деворларига ўзимизда ишлаб чиқарилган базальт қопламаларини қоплаш, томларини янгилаш керак бўлса янгилаш ва ичини юз фоиз таъмирлаш бўйича қарорга келдик», — деди вазирнинг биринчи ўринбосари.

Шерзод Хидоятов ҳудуд ҳаводан кузатилганда, оралиқ масофаси 500 м ёки 1 кмни ташкил этадиган пахсали уйлар қурилгани аниқланганини ҳам қўшимча қилди. Унинг таъкидлашича, ушбу шароитларда ҳар бир уйга коммуникация ўтказиш қимматга тушади. Бундан ташқари, турар жойлар эгаллаб турган майдонларни кенгайтириш экин экиладиган майдонларининг қисқаришига олиб келади.


Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари янги турар жойларда марказлашган канализация ва барча керакли коммуникациялар ўтказилишини таъкидлади.

«Бу уйлар уч хил эди. Шунинг учун биз уч хил лойиҳани ишлаб чиқдик. Бундан кейин, давлат раҳбари ҳар бир маҳаллани ҳокимларга бириктириб қўйди (вилоят ҳокимлари — таҳр.), уларга лойиҳалар топширилди. Бугун улар лойиҳалар устида ишлашмоқда. Бизнинг маҳаллаларимиз замонавий ва барча коммуникациялар кирган янги маҳаллалар бўлади. Президент канализация ва газ ўтказиш бўйича топшириқ берди. Ҳозир биз метан ва канализация устида ишлаяпмиз», — деди у.

Шерзод Хидоятовнинг сўзларига кўра, аҳоли янги турар жойлари лойиҳаларини кўриб ҳайрон қолишган.

«Аҳолини лойиҳалар билан таништирдик, баннерлар осдик, улар келиб кўриб: „Ҳақиқатда биз шунақа жойда яшаймизми?“ деб жуда ҳайрон қолишди. Шу нарса бўлади дегандан кейин улар „Бизда ҳам Тошкентга ўхшаган шароит бўларкан“, дейишди», — деди у.

Квартиралар режасида боғ-полиз асбоб-ускуналари ва жиҳозларини сақлаш учун омбор ҳам кўзда тутилган.


Қовун бозори ўрнида Тошкентдаги каби ёпиқ эко-бозор қурилади.


Зарар етказилган таълим муассасаларини таъмирлашдан ташқари 800 ўринли янги мактаб ҳам қурилади.


Мактабдан ташқари, 200 ўринли мактабгача таълим муассасаси ҳам барпо этилади.

«Президент ушбу уйларни энг сифатли, энг салоҳиятли қурувчилар қурсин деб топшириқ берди. Биз монолит уйларини қурган энг салоҳиятлиларини танлаб олдик. Ва буларга ким қайси ҳудудларда қуриши бўлиб берилди», — деди Шерзод Хидоятов.

Тошкентлик қурувчилар

Президентнинг 1 майдаги фармойишига биноан, Қурилиш вазирлиги Сирдарё ҳокимияти билан биргаликда икки ҳафта ичида малакали пудрат такшилотлар орасида танлов ўтказиб, ғолиблар билан кўп қаватли уйлар қуриш бўйича шартнома имзолаши керак эди.

Лекин 16 май куни Гулистонда бўлиб ўтган брифингда Молия вазирининг ўринбосари Ёрқин Турсунов ҳукумат комиссияси томонидан вақтинчалик низом қабул қилинганини маълум қилди. Унга кўра, талофат оқибатларини бартараф этишда параллель лойиҳалаштириш шартлари билан истисно тариқасида ишларни ташкиллаштириш, пудратчи ташкилотларга олдингидек 15 фоиз эмас, балки 30 фоиз аванс ўтказиш ҳамда ишларни тендер ва танловсиз ташкил этишга рухсат берилган.

«Сирдарё вилоятига келишдан олдин 8−9 кун Бухоро вилоятида эдим. У ерда ҳам шу тажриба қўлланилди, бу ерда ҳам шу йўлга қўйилади», — дея таъкидлади Шерзод Хидоятов.

Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари «Газета.uz» мухбирининг президент фармойишида пудратчи ташкилотлар орасида танлов ўтказиш белгиланган бўлса-да, нега вақтинча низом қабул қилингани ҳақидаги саволига жавоб бермади. У Сирдарё вилоятининг учта туманидаги кўп қаватли уйлар Whitecity Construction, Ecopark ва Gold Step Invest компаниялари томонидан қурилишини маълум қилди.

«Қурувчилар аниқланган. Уйларни зудлик билан қуриш керак эканлигини ҳисобга олиб, энг салоҳиятли ва жудаям тез аҳоли сотиб олган уйларни ким қурганлигини ўргандик», — дея жавоб берди Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари.

Whitecity Construction

Мирзаобод тумани «Ҳақиқат» маҳалласидаги 20 та уйни Whitecity Construction компанияси қуради. Шерзод Хидоятовнинг сўзларига кўра, компания Тошкент шаҳридаги Чилонзор ва Сергели туманларида монолит уйлар ҳамда талабалар шаҳарчасида ўқитувчилар уйларини қурган.

Компания Тошкент шаҳрида 2018 йилнинг июнь ойида рўйхатга олинган. У 2018−2019 йилларда 9000 та хонадон қуриш лойиҳасида ҳам бош пудратчи сифатида кўрсатилган.


Ташкилотлар бўйича ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Whitecity Construction таъсисчилари Мирсаид Мирвохитов (30%), Нодиржон Асатов (30%) ва Исмоил Исроилов (40%) ҳисобланишади. Н.Асатов ва И.Исроилов бетон қоришмаларини ишлаб чиқарадиган Durable Beton компаниясининг ҳам таъсисчиларидир. Исмоил Исроилов олдинроқ Akfa Engineering and Management директори сифатида ишлаган. Бундан ташқари, у (58,5%) Ортиқходжаев Зокирхўжа Абидович (41,53%) билан биргаликда қоғоз ва картон ишлаб чиқарадиган Master Pack компаниясининг таъсисчиси ҳисобланади.

«Компаниянинг нархлари ва мутахассислари талабларга жавоб беради. Компания янги технологиялардан фойдаланади, унинг мутахассислари асосан Туркиядан», — деди Шерзод Хидоятов.

Gold Step Invest

Иккинчи пудратчи компания Gold Step Invest «Дўстлик» маҳалласида 37 та кўп қаватли уй қуради. Компания 2013 йил сентябрь ойида рўйхатга олинган, лекин бозорда 2003 йилдан бери фаолият юритади.

«Компания кўплаб уйлар қурган. Улардан бири Қорасув массивида (Тошкентда) Миллий Гвардия ҳарбий хизматчилари учун. Тошкентда қурилган Муҳаммад Аль-Хоразмий номидаги IT-мактаб сифатини ҳам биласизлар», — деди Шерзод Хидоятов.

Gold Step Invest сайтидаги маълумотларга кўра, компания Тошкент шаҳрида 2003 йили ташкил этилган ҳамда ижтимоий-маиший ва маданий иншоотлар, тиббиёт муассасалари, турар жой, спорт ва саноат иншоотларини қуришга ихтисослашган. Компания таъсисчилари техника фанлари номзоди, давлат мукофотлари лауреати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи Абдуллаев Марат Носирович ҳамда ёш тадбиркор Давронжон Қобилжонович Одилов.

2003−2008 йилларда компания Nomdor Dizayn Servis, 2008−2013 йилларда — Global Stroy Invest, 2013 йилдан эса — Gold Step Invest номлари билан фаолият олиб борган. Компания томонидан Тошкентдаги янги ипподромнинг қурилиши, Республика Олимпия захиралари коллежининг қайта таъмирланиши, Humson Buloq соғломлаштириш марказининг қурилиши, Shedevr, «Янги аср», «Мегаполис» турар жойлари, соғлиқни сақлаш иншоотлари — Бухородаги 300 ўринли перинатал марказ, Республика педиатрия маркази, Республика болалар онкологияси бўлими ҳамда саноат иншоотлари — Arktika Botlers заводи, Marvin Brands (завод Dena) ва бошқа бинолар қурилиши амалга оширилган.

Ҳозирда Фаррух Жураевич Тожибоев компаниянинг ягона таъсисчиси ҳисобланади.


Silver Flex

Учинчи девелопер компания Silver Flex Мирзаобод тумани «Навбаҳор» маҳалласида 9 та уй қуришга буюртма олган. Шерзод Хидоятовнинг айтишича, пудратчи Тошкент механика заводи (эски ТАПОич заводи) рўпарасидаги Маҳтумқули кўчаси бўйлаб Greenpark «экоуйлари»ни туркиялик ÖzGüven билан ҳамкорликда қурган.


Silver Flex 2016 йил 24 март куни рўйхатдан ўтган бўлиб, унинг асосий фаолият тури хавфли бўлмаган чиқиндиларни қайта ишлаш ва йўқотиш ҳисобланади. Унинг таъсисчилари ООО Green-Valley (50,5%) компанияси ва Камолиддин Файзиев (49,5%) ҳисобланади.

Шерзод Хидоятов пудратчилар олдида замонавий, энергияни тежайдиган ва сифатли уйларни қисқа муддатларда қуриш шартлари қўйилганлиги айтди.

«Бугун лойиҳалаш билан бир вақтда мобилизация ишлари ҳам бошланди. Бу хизматларнинг нархи анча арзонроқ, чунки бу соҳада улар анча тажрибага эга, улар тез ишлашади. Улар аввало сифатга эътибор беришлари керак бўлади. Нархни белгилаш бўйича улар шаффоф ишлашади», — дея таъкидлади у.