Ўзбекистонда 2020 йилнинг 1 — 30 апрель кунлари содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 76 нафар киши вафот этган, дея Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси маълум қилди.

Унга кўра, республика ҳудудида апрель ойи давомида жами 336 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган. Шундан 64 нафари ўлим билан боғлиқ ЙТҲлардир. Мазкур ҳодисалар оқибатида умимий 334 киши тан жароҳати олган ва 76 киши вафот этган. Бунда, 38 нафари ЙТҲ жойида ва 38 нафари эса 24 соатдан сўнг шифохоналарда вафот этганлар.

Маълум қилинишича, 336 та йўл-транспорт ҳодисаларнинг 38 тасида болалар, 168 тасида пиёдалар иштирокида содир этилган. 8 та ҳолатда эса ҳайдовчи маст бўлиб транспорт воситасини бошқаргани аниқланган.

Шунингдек, апрель ойида йўл-транспорт ҳодисалари асосий сабаблари қаторида белгиланган тезликка риоя қилмаслик (23,8 фоиз), ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги (11,9 фоиз), пиёдалар йўлнинг белгиланмаган жойидан ўтиши (9,2 фоиз), ҳайдовчи пиёдани кўрмай қолиши (8 фоиз) ва ҳаракат давомида йўналишни ўзгартириши (8 фоиз) бўлганлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси томонидан келтирилади.

Тошкентда муайян даврда 75 та ЙТҲ ҳолати қад этилган, Тошкент вилоятида 42 та, Навоийда 33 та, Қашқадарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидан 24 тадан.

ИИВ ЙҲХББнинг «Газета.uz»га маълум қилишича март ойида ЙТҲлар сони 481 та бўлган. Уларда 392 нафар кишига жароҳат еткизилган ва 107 киши эса вафот этган.

Маълумот учун, январь-апрель ойларида жами 1 657 та ЙТҲ содир этилган бўлиб, улар оқибатида 1 450 нафар киши жароҳатланган ва 495 киши вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, 14 апрель куни беморни олиб кетаётган тез тиббий ёрдам машинаси ва Epica автомобили иштирокида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида хабар берилганди.