Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 18 май куни видеоконференция режимида ўтказилган Олий Евроосиё иқтисодий мажлисида мамлакат ЕОИИнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини қабул қилмаслигини билдирди. Бу ҳақда Forbes.kz нашри маълум қилди.

Қозоғистон президенти стратегия ғоясини умуман олганда қўллаб-қувватлашини, бироқ унинг баъзи қоидалари қўшимча ўрганиш талаб қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, интеграция ишларида миллий қонунчиликнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олиниши керак. Шунингдек, стратегиянинг миллий қонунчиликка мослаштириш масаласини кўриб чиқишда «зарур етарлилик» тамойилидан келиб чиқилиши лозим.

«Стратегияда таклиф этилаётган қонунчиликнинг ҳуқуқий жавобгарликни белгилаш нуқтаи назаридан, бир қатор соҳаларда божхона, техник жиҳатдан тартибга солиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари, бизнинг фикримизча, ҳозирча „зарур етарлилик“ тамойилига жавоб бермайди. Ва бу миллий жамоатчилик томонидан Стратегиянинг рад этилишига олиб келади, чунки стратегия ҳукумат ва парламентнинг суверен ҳуқуқларини чеклайди», — деди Қосим-Жомарт Тўқаев.

Шу билан бирга, Қозиғистон раҳбари ушбу ҳужжатнинг ЕОИИнинг келажак истиқболлари учун муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда, унинг муҳокамасини кейинчаликка қолдириб, «юзма юз бўлган мажлис йиғилишида қабул қилиш ўринли бўлади», дея таъкидлади.

Шунингдек, Қозоғистон раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон парламентининг ЕОИИга кузатувчи давлат сифатида қўшилиши тўғрисидаги қарорини мамнуният билан қабул қилганини таъкидлади.

Саммит якунларига кўра, Евроосиё иқтисодий комиссиясига Стратегияни берилган таклифларни кўриб чиқиб, уни қайта ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Эслатиб ўтамиз, 11май куни Олий Мажлиси Сенати тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан кузатувчи давлат сифатида ҳамкорлигини маъқуллаган эди.