Буюк Британиянинг нуфузли Кембриж университети 2020−2021 академик йили тўлиқ онлайн таълим тартибига ўтказилишини эълон қилди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.

Шундай қилиб, университет навбатдаги ўқув йилини ҳам тўлиқ онлайн тартибга ўтказган биринчи таълим муассасаси бўлди. Эндиликда, университетда барча маърузалар видеоконференция шаклида берилади.

«Университет пандемия шароитида пайдо бўлаётган ўзгаришларга доимо мослашади. Келгусида ҳам ижтимоий масофаланиш талаби юқори бўлиши эҳтимоли борлигини ҳисобга олиб, университет навбатдаги ўқув йилида маърузалар ўтказилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилди», — деди университет вакили.

Онлайн маърузалар 2021 йилнинг ёзигача давом этади. Фақатгина «ижтимоий масофаланиш талабларига жавоб берадиган» ҳолатларда кичик ўқув гуруҳлари ташкил этилиши мумкин бўлади.

«Маърузалар онлайн тарзда давом этаверади. Агарда ижтимоий масофаланиш талабларига жавоб берадиган бўлса, кичикроқ гуруҳларни оддий тартибда қабул қилиш мумкин. Ушбу қарор ўқув жараёнини режалаштиришни осонлаштириш мақсадида қабул қилинди, аммо коронавирус бўйича расмий тавсияларга ўзгартиришлар киритилса, ҳар доимгидек, улар қайта кўриб чиқилади», — дейилади эълонда.

Кембриж университети март ойида барча дарсларни онлайн режимга ўтказган эди. Имтиҳонлар ҳам онлайн тартибда олинмоқда.