Ўзбекистон президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармони Адлия вазирлиги зиммасига қатор қўшимча вазифа ва функциялар юклатилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Жумладан, вазирлик адлия органлари ва муассасалари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этади ҳамда давлат хизматларини рақамлаштириш орқали «виртуал адлия» тизимини ишга туширади.

Фармон билан 2020−2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш концепцияси ва концепцияни 2020−2021 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Шунингдек, Фармон билан 2020−2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) тасдиқланди.

Вазирлик 2020 йил якунига қадар шу жумладан қуйидаги асосий мақсадли кўрсаткичларга (индикаторларга) эришилишини таъминлайди:

  • вазирлик томонидан ишлаб чиқиладиган қонун ҳужжатларини тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун лойиҳалари сифатида қабул қилиш орқали уларнинг улушини 20 фоизга етказиш;
  • давлат бошқаруви тизимини функционал таҳлил қилган ҳолда вазирлик ва идораларнинг камида 10 та функцияларини нодавлат секторга ўтказиш бўйича таклиф киритиш;
  • 2018−2019 йилларда янги (қайта) ташкил қилинган 8 та вазирлик ва идоралар фаолиятини ўрганиш;
  • электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 12 фоизга етказиш;
  • аҳолига Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган янги хизматлар сонини 15 тага ошириш;
  • нодавлат нотариат шаклига айлантирилган давлат нотариал идораларининг улушини 95 фоизга етказиш;
  • 29 та қонуности ҳужжатлари билан белгиланган жавобгарлик ва санкция нормаларини чуқур таҳлил қилиш ва тегишли қонунларга киритилишини таъминлаш.

Шунингдек, фармонда Адлия вазирлиги амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини мониторинг қилиш, ушбу соҳада вазирлик ва идоралар ваколати ва функцияларининг тўлиқ ва сифатли амалга оширилаётганлиги ҳамда белгиланган мақсадларга эришилаётганлигини функционал таҳлил қилиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Эндиликда, Адлия вазирлиги маъмурий ислоҳотлар доирасида вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқиладиган янги ташаббусларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан инобатга олиниши мажбурий бўлган хулосалар беради.