Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги жорий ўқув йилида мактабларда якуний имтиҳонларни ўтказишни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.

У мазкур қарор президент томонидан карантин вақтида аҳолига имкон борича қўшимча қулайлик яратиш бўйича белгиланган вазифани амалга ошириш ҳамда кўпчилик ота-оналарнинг илтимосларини инобатга олган ҳолда қабул қилинганини таъкидлади.

«Мактабларга ўқувчиларнинг йиллик баҳоларини истисно тариқасида жорий ўқув йилининг 3 та чорак баҳолари асосида чиқариш тавсия этилади. Шу билан биргаликда Kundalik.com тизими жорий этилган мактабларда карантин вақтида тиришқоқлик билан ўқиган ўқувчиларимизга рағбатлантириш сифатида 4-чоракдаги фақат ижобий баҳоларини ҳам йиллик баҳоларини ҳисоблашда инобатга олиш тавсия этилади», — дея маълум қилди вазир.

Шерзод Шерматов карантин вақтида «онлайн-мактаб» орқали фарзандлари билан бирга дарс тайёрлаган барча ота-оналарга миннатдорчилик билдирди.