Тошкентдаги Poytaxt савдо маркази қаршисида жойлашган автотураргоҳ ўрнида тўққиз қаватли тижорий объект қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот котиби Фурқат Маҳмудхўжаев «Газета.uz»га маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бир йилдан олдинроқ (2019 йил 28 март куни) ҳоким қарори билан Матбуотчилар кўчасидаги 0,23 гектар майдондаги ер участкаси Чехиянинг IMP NEW PAY компаниясига энг камида 25 млн доллар сармоя киритиш мажбурияти билан берилган эди, бироқ қурилиш ишлари эндигина бошланди. Қурилишнинг кечикиш сабаблари маълум қилинмади.

rejstrik-firem.kurzy.cz сайтидаги компаниялар реестрига кўра, IMP NEW PAY компанияси 2016 йил 19 август куни 1000 кронлик (40 долларга яқин) устав капитали билан рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури — мол-мулк, турар жой ва нотурар жойларни ижарага бериш. Компания таъсисчилари 95 фоизлик улуш билан Исроил Юнусов ҳамда 5 фоизлик улуш Германиядан Пол Брайтенбах (Paul Breitenbach) ҳисобланади.

Исроил Юнусов, ўз навбатида, Tashkent City бизнес марказида объектлар қурилишини олиб бораётган Real House қурилиш компанияси брендига эгалик қилаётган Lotus Gaz Invest компаниясининг ҳам таъсисчиларидан ҳисобланади (56,64%). У Ўзбекистон Профессионал бокс федерациясига ҳам раҳбарлик қилади.

Тижорий объект қурилиши лойиҳаси тақдимоти пойтахт ҳокимиятида «Инвесторлар кун"ларидан бирида ўтказилган эди.

Бинонинг 1−3-қаватларида савдо дўконлари, қолган қаватларни офислар ташкил этади. Учта ер ости қаватида автотураргоҳ бўлади.

«Шаҳар марказидаги мазкур автотураргоҳ аҳоли учун жуда муҳим. Яқинида хиёбон, иккита театр ва банк мавжуд. Инвестор билан келишувнинг асосий шарти автотураргоҳлар бузилмаслиги эди», — деди Фурқат Маҳмудхўжаев.

Унинг қўшимча қилишича, қурилиш тугаганидан кейин бу ерда тўхтаб туриш жойлари сони ҳозирги 180 дан 250 тагача кўпаяди.

Матбуот котибининг майдон инвесторга ким ошди савдосисиз ажратилганини маълум қилди, чунки ўша пайтда бундай талаб йўқ эди.

2018 йил 15 августдан 2019 йил 15 августгача Тошкентда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича тажриба ўтказилган эди. Ушбу даврда ҳокимликка инвестиция фаолияти учун мўлжалланган ер участкалари ва давлат мулки бўлган объектларни, уларнинг майдони ҳажмидан қатъи назар, шартномалар тузилган тўғридан-тўғри музокаралардан сўнг тақдим этиш ҳуқуқи берилди.

Таъкидлаш жоизки, ер ости автотураргоҳи аввалроқ 7,5 миллиард сўм бошланғич нархи билан кимошди сотувга қўйилган эди, аммо унинг натижаси номаълум.