18 май куни президент Шавкат Мирзиёев «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фармон билан Ўзбекистонда органик қишлоқ хўжалиги ва органик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш концепцияси ва концепцияни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Шу билан бирга, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, фармонга кўра, органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мақбул қишлоқ хўжалиги амалиёти (Global G.A.P.) доирасидаги барча манфаатдор ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

2020 йил 1 октябрга қадар органик қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш тизимларини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш бўйича «Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тўғрисида"ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Фармонга мувофиқ, органик қишлоқ хўжалигига ўтказилган ер участкаларида экинларни жойлаштириш органик стандарт талабларини ҳисобга олган ҳолда илмий асосланган алмашлаб экиш схемаларига мувофиқ амалга оширилади ва экинларни жойлаштиришда давлат аралашувига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, бу соҳада илмий мутахассислар тайёрлаш, илмий салоҳиятни ривожлантириш мақсадида Тошкент давлат аграр университетида «Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш» йўналиши бўйича 2021−2022 ўқув йилидан бошлаб талабалар қабул қилиш йўлга қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ўзбекистон президентининг қарори билан мамлакатда ҳудудлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг муайян турларини етиштиришга ихтисослаштирилиши ҳақида хабар берилганди.