Иқтисодиётнинг, айниқса хусусий сектор барқарор ривожланишини таъминлаш учун Ўзбекистон маҳаллий молия бозорининг яхлит моделини шакллантириши лозим.

Бутун молия бозорининг комплекс ислоҳотини ўтказиб, уни ўзаро мувофиқ ривожлантириш орқалигина капитални иқтисодий ўсиш мақсадларида сафарбар этиш ва самарали тақсимлашга эришиш мумкин.

Бу эса иқтисодиётга маблағ жалб этишнинг асосий манбаи сифатида давлатга бўлган босимни юмшатиш имконини беради.

Ҳозирда Ўзбекистонда молия бозори тарқоқ ҳолда бошқарилмоқда: у ёки бу сегмент Марказий банк, Молия бозори ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги (КБА) томонидан тартибга солинмоқда.


Ягона регулятор бутун молия бозорини ривожлантириш сиёсати самарадорлигини кучайтириш имконини беради. Айнан шунинг учун, коронавирус пандемиясининг иқтисодий оқибатлари билан курашиш пайтида уни яратишнинг мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқиш янада долзарб аҳамиятга эга.

КБА директори Отабек Назиров Spot га берган интервьюсида Ўзбекистонга нега молия бозорини ривожлантирувчи ва тартибга солувчи ягона регулятор кераклиги, бу мамлакатга нима бериши ва у қандай вазифаларни бажариши лозимлиги тўғрисидаги саволларга жавоб берди.

Бугунги кунда бозор қандай тартибда ишлайди?

Тарих ҳукмига кўра Ўзбекистонда молия бозори бошбошдоқ ҳолда ривожланди. Бунда давлатнинг асосий кучи банк секторини ривожлантиришга қаратилди.

Иқтисодиётни молиялаштиришнинг энг қулай воситалари банк тизимида мавжуд бўлиб, бунда давлат асосий позицияга эга (унга тармоқнинг 85 фоизи тегишли), тармоқ активларининг умумий қиймати ЯИМнинг 50 фоизини ташкил этади.

Хатарли лойиҳаларни (айниқса венчур лойиҳалар) молиялаштиришга бўлган мойиллик банкларда паст, зеро, одатда кредитлар маблағни қайтариш шарти билан берилади. Лойиҳа кутилган натижани бермаса-да, қарз олувчи пулларни қайтариб бериши лозим.

Оқибатда, банк секторида кредит маҳсулотлари эвазига молиялаштириш мумкин бўлган компаниялар (уларнинг ривожланиш босқичига қараб) ва, демакки, бутун иқтисодиётга нисбатан табиий чеклов мавжуд. Бунда кредит маҳсулотлари аксарият ҳолатларда гаров билан таъминланган бўлиши лозим.

Ундан ташқари, жисмоний шахсларнинг барча депозитлари давлат томонидан кафолатланган, бу эса маблағнинг қайтарилишини таъминлаш учун Марказий банк секторни тартибга солишда қаттиққўл сиёсат юргизишга мажбур бўлишини англатади.

Шунинг учун Ўзбекистоннинг ривожланаётган иқтисодиёти учун кредит маҳсулотларига қўшимча равишда ички капитал бозорини йўлга қўйиш ҳаётий заруратдир, зеро айнан у орқали хорижий инвесторлар ҳам жалб этилади.

Биз инвестицияларни акциядорлик капиталига қуйиш маданиятини оширишимиз, хатарларни (ҳам портфелли, ҳам стратегик) инвесторлар билан бўлишишга ўрганишимиз ва акциялар/улушларнинг назорат пакетини сотишдан қўрқмаслигимиз керак.

Халқаро молия ташкилотларидан жалб этилган (асосан қаттиқ валютада белгиланган) ташқи давлат қарзлари ҳажми ортиб бормоқда.

Бугунги кунда асосан давлат ва давлат банклари томонидан жалб этиладиган қарз ва кредитлар фондлашнинг асосий манбаларига айланди.

Мамлакатда самарали маҳаллий молия бозори йўлга қўйилмаганлиги боис айнан шу йўлни танлашга тўғри келмоқда. Афсуски, Ўзбекистонда институционал ва профессионал инвесторлар (суғурта компаниялари, пенсия жамғармалари, бевосита ва коллектив инвестициялар фонди) ривожланмаган, миноритар акциядорлар ҳуқуқлари ҳимоя қилинмаган, миллий валюта тинимсиз қадрсизланган (валюта хатарларини хежлаш воситалари мавжуд эмас), давлат қимматли қоғозларини аҳоли ва норезидентларга сотиш тақиқланади.

Буларнинг бари қудратли ички молиявий тизимни шакллантириш лозимлигини кўрсатади, бу эса иқтисодиётга маблағ жалб этишнинг асосий манбаи сифатида давлатга бўлган босимни юмшатиш имконини беради.

Бугунги кунда молия бозорининг турли сегментлари (банклар, суғурта, қимматли қоғозлар, жумладан, давлат облигациялари, валюта бозори) учта орган — Марказий банк, Молия вазирлиги ва бизнинг агентлигимиз томонидан тартибга солинмоқда.

Ўз навбатида, бу бозорни ривожлантириш, ислоҳот ўтказиш учун бирдамликдаги ҳаракатлар етарли эмас, шунингдек, малакали мутахассисларга эҳтиёж катта.

Муаммо ечимларидан бири бу — ягона коллегиал органни яратишдир. Айнан шу орган молия бозорини яхлит ва бир бирини тўлдирувчи тизим сифатида ривожлантириш ҳамда тартибга солиш сиёсатини белгилайди.

Ягона молиявий регулятор Польша, Швейцария, Германия, Жанубий Корея, Сингапур, Япония ва бошқа кўплаб давлатларда фаолият юритади.

Шу йилнинг 1 январидан бошлаб Қозоғистонда Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги ишга тушди. Илгари Миллий банк (Қозоғистон марказий банки) бажарган бутун молия бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш вазифаси янги агентликка юклатилди.

Бу нега зарур?

Молия бозорининг самарали фаолият юритишии учун унинг барча қисмлари ҳамжиҳатликда ривожланиши керак.

Мамлакатнинг молиявий экотизимида нима бўлиши лозим? Биринчи навбатда, бизга пулларни бошқара оладиган, уларни қаерга ва қандай сармоя қилишни биладиган институционал инвесторлар керак.

Ғарб бозорида фуқаролар йиғган пуллари ва пенсия жамғармаларини профессионаллар бошқарувига ишониб топширадилар, шу боис инвестицион жамғармалар маблағлари йўналтираётган компанияларга шарт қўйишга қодир ўйинчиларга айланиб борадилар. Мисол учун, улар компания бошқарувини кучайтириши, директорлар кенгашининг мустақил аъзоларини тайинлаши мумкин.

Улар капитал қаерга йўналтирилиши кераклигини, у қаерда самарали фаолият юритиб, қўшимча қиймат ва даромад келтира олишини билишади.

Бундай инвесторларни Ўзбекистонга жалб қилаётиб, улар пул маблағларини қаерга йўналтира олишини ўйлаб кўришимиз керак. Хусусий ва давлат компаниялари, йирик корпорациялар самарали ишлаб, фойда келтириши керак.

Давлат корхоналарининг ҳаммаси ҳам даромадли эмас. Бу эса бошқарув самарадорлигининг пастлигидан далолат беради.

Низоларни ҳал қилиш тизими ҳам муҳим омил саналади. Капитал бозорини тартибга солувчи қонунлар содда, мослашувчан, инвесторларга тушунарли бўлиши, шу орқали низолар масала моҳиятини тушунадиган мустақил судьялар томонидан адолатли ҳал қилиниши керак.

Капитал бозорини ривожлантиришда давлат қимматли қоғозларининг ўрни беқиёс. Улар устқурма вазифасини ўтайди; корпоратив облигациялар, акциялар давлат қимматли қоғозлари асосида чиқарилади. Давлат облигациялари инвесторлар учун паст хатарли инвестиция ўлчаги вазифасини ўтаб, энг ликвидли молия маҳсулоти ҳисобланади.

Бошқа қимматли қоғозлардан қайтадиган маблағни белгилашда улар мукофотни давлат облигацияларидан олинадиган даромад билан таққослашади.

Бу соҳа Ўзбекистонда ривожланмаяпти. Ҳозиргача жисмоний шахслар ва хорижий инвесторлар давлат қимматли қоғозларини харид қила олмайдилар.

Таассуфки, агентлигимиз бу бозорни ривожлантира олмайди, чунки Марказий банк ва Молия вазирлиги бу борадаги ваколатли давлат органлари саналади.

Шунингдек, агентлик валюта бозоридаги ҳосилавий инструментларни ҳам жорий эта олмайди, зеро «Банк фаолияти тўғрисида"ги қонунга кўра валюта деривативлари Марказий банк томонидан тартибга солинади.

Айнан шунинг учун ягона молия сиёсатини амалга ошириш имконини берадиган ягона регулятор талаб этилади.

Бу Ўзбекистонга нима беради?

Аксарият ҳолларда ягона регулятор президентга бўйсунади ва парламент олдида ҳисобот беради, бу эса унинг тўла мустақиллигини таъминлайди.

Бу, ўз навбатида, акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун шароит яратади. Инвесторлар қўйилган маблағлари дахлсизлигига ишонч ҳосил қилиб, низоли вазиятларда муаммонинг адолатли ечим топишига умид боғлашади.

Регулятор бошқарув чамбарагида битта шахс эмас, комиссия бўлиши керак. Бу коллегиал орган бўлиб, у фикр-мулоҳазалар мувозанатини таъминлайди. Комиссия таркибига ҳар бир блок, масалан, банк сектори, суғурта бизнеси, қимматли қоғозлар бозори, пенсия жамғармаси вакиллари кириши мумкин.

Буларнинг бари молия бозорини ривожлантириш ва тартибга солишнинг ҳамжиҳат сиёсатини шакллантириш имконини беради. Ислоҳотлар бозорнинг алоҳида секторларида якка тартибда эмас, ялпи кўринишда олиб борилади.

Ўзбекистонда қаттиққўл ислоҳотлар ўтказилаётган шароитда ҳаракатларни мувофиқлаштириш айниқса муҳимдир.