Молия вазирлиги cуғурта бозоридаги жорий ҳолат ва I чорак якунлари тўғрисида маълумот берди.

Унга кўра, мазкур соҳага оид таҳлилий ахборотларни ҳамда суғурта бозоридаги жорий ҳолат ва январь-март ойларининг натижалари юзасидан маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида, Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан давра суҳбати ташкиллаштирилди.

Асосий кўрсаткичлар

Суҳбат давомида 2019 йил якуни бўйича суғурта мукофотлари ҳажми ялпи ички маҳсулотнинг 0,5 фоизини, аҳоли жон бошига суғурта мукофотлари 14,7 минг сўмни ташкил этгани маълум қилинди.

«Бугунги кунда Ўзбекистон суғурта бозорида 36 та суғурталовчи, шундан 28 таси умумий суғурта тармоғида ва 8 таси ҳаётни суғурта қилиш тамоғида, шунингдек 5 суғурта брокери, 5 актуар ташкилот ҳамда 22 ассистанс, ажастер, сюрвейер компаниялари фаолият кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, ҳисобот даврида суғурта бўлимлари сони — 1 773 тага етди. Суғурталовчилар штатида 6,6 минг ходим ва 8,9 мингта суғурта агенти фаолият кўрсатмоқда», — дейилади хабарда.

Суғурта компаниялари маълумотларига мувофиқ, 2020 йил I чораги мобайнида 503,1 млрд сўм суғурта мукофоти йиғилди. Суғурталовчиларнинг ялпи устав капиталлари 782,4 млрд сўмга (138 фоизга ўсиш) ва иқтисодиётга киритилган инвестициялар ҳажми 2,834 трлн сўмга (138 фоизга ўсишз) етган. Бунда, Инвестицияларнинг 55 фоизи банк депозитларига, 30 фоизи акцияларга ва қолган қисми бошқа қимматли қоғозларга жойлаштирилган. Амалдаги шартномалар сони 7,0 млн. донани ташкил қилди.

Шу билан бирга, жорий йилнинг январь-март ойлари давомида жами 176,9 млрд сўм миқдорида суғурта тўловлари амалга оширилган бўлиб, шундан 141,2 млрд сўм ихтиёрий суғурта турлари ва 35,8 млрд сўм мажбурий суғурта турлари бўйича тўланган.

Шу билан бирга, суҳбат чоғида мамлакатда суғурта бозори таркибий қисмларининг номутаносиблигини кўриш мумкинлиги айтиб ўтилди, яъни ихтиёрий суғурта турлари 82 фоизни, мажбурий турлар эса 18 фоизни ташкил этмоқда. Ривожланган мамлакатларда мажбурий суғуртанинг улуши 50 фоиздан иборат.

Суғурта соҳасида мавжуд муаммолар

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 36 та суғурта компанияси мавжуд бўлиб, суғурта бозорида жами хизматларнинг 45 фоизи дастлабки 5 та, 69 фоизи эса 10 та компания улушига тўғри келади. «Бу эса суғурта бозори салоҳиятининг тўлиқ ишга солинмаётганидан дарак беради», дея таъкидланди.

Бундан ташқари, бошқа давлатларда ҳаётни суғурталаш ҳиссаси 50 фоизни ташкил қилса, Ўзбекистонда у бор йўғи 16 фоизни ташкил қилади.

«Дунё суғурта бозорида суғурталовчилар томонидан 1000 дан зиёд турдаги суғурта хизматлари кўрсатилади ва уларнинг 300 таси ҳаётни суғурталашга қаратилган бўлиб, улар суғурталанувчиларнинг талаб ва истакларини инобатга олган. Бизнинг мамлакатимизда эса кўплаб турдаги, масалан, молиявий институтлар мажбуриятлари, директорлар ва менежерларнинг акциядорлар олдидаги мажбуриятлари суғуртаси кабилар йўлга қўйилмаган», дея маълум қилинди йиғилишда.

Таҳлилларга кўра, суғурта соҳасида нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлатлар учун ҳам хос бўлган қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, суғурта компаниялари ва суғурталанувчилар ўртасида самарали алоқаларнинг йўқлиги, мижоз сўровларига кечикиб муносабат билдириш хизмат натижадорлигининг пастлиги билан изоҳланади.

Суғурта бозорининг жуғрофий жиҳатдан юқори концентрациялашгани ҳам муаммолардан бирилиги таъкидланди. Маълум этилишича, суғурта мукофотларининг асосий улуши — қарийб 66 фоизи Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келади.

Ҳаётни суғурта қилиш тармоғида ҳамда мажбурий суғурта турлари бўйича амалга оширилган тўловларни инобатга олинмаганда умумий суғурта тармоғида зарарлилик даражаси бор йўғи 9 фоизни ташкил қилганлиги бу ихтиёрий суғурта турлари бўйича деярли тўловлар бўлмаганлигини кўрсатади.

Шу билан бирга, суҳбатда, деярли барча ҳаёт суғурта компаниялари суғурта мукофотлари тушумларининг ўтган йилги даражасини ҳам таъминлай олмаганлиги қайд этилди. Молия вазирлигига суғурта компаниялари мижозларидан келиб тушган шикоятларнинг аксарият қисми тўловлар юзасидан бўлиб, шикоятлар вазирлик томонидан кўриб чиқилгандан сўнг суғурта компаниялари томонидан 4,5 млрд сўм миқдорида суғурта тўловлари амалга оширилган.

Аҳолининг аксарият қисми суғурта ва суғурта турлари ҳақида хабардор эмасликлари, суғурта компаниялари томонидан йилдан йилга бир хил тадбирларни амалга оширилиши, реклама харажатлари паст даражада қолаётганлиги ҳолатни ўзгартириш учун етарли эмаслиги таъкидланди.

Суғурта жиҳатидан 2020 йилдаги талафотлар ҳисоботи

Йиғилишда Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларида кучли шамол ва ёмғир натижасида ҳамда 1 май кунида Сирдарё вилояти «Сардоба» сув омбори тўғонидан сув тошиши натижасида аҳолининг кўплаб уй-жойларига, иссиқхоналарга, қишлоқ хўжалигига, иқтисодиётнинг кўплаб инфратузилмаларига катта зарарлар етганлиги ва бундай ҳолатда суғурта компаниялари суғурта тўловларини қисқа муддатларда амалга оширишлари юзасидан кўрсатмалар берилди. Шу борада амалга оширилган ва оширилаётган ишлар тўғрисида Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ўзини ҳисоботини берди.

Унга кўра, Сирдарё вилоятининг Оқ олтин, Мирзаобод ва Сардоба туманларида жами 1,383 та суғурта шартномалари имзоланган бўлиб, шулардан 839 таси мол-мулк суғуртасига тўғри келгани маълум қилинди.

Тадбиркорлик субъектлари билан имзоланган 365 та суғурта шартномаси имзоланган бўлиб, зарарланган мулклар бўйича 882,5 млн сўм суғурта тўловлари қисқа муддатларда тўлаб берилди.

Аҳоли билан тузилган 474 та суғурта шартномаларидан 212 таси аҳоли яшаш уйлари ҳисобланади. Уларнинг барчасига зарар етган бўлиб, суғурта компаниялари томонидан суғурта тўловларини амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирги кунга қадар 78,9 млн сўм суғурта тўловлари аҳолига тўлаб берилган бўлса, яна 2,5 млрд сўмлик суғурта тўловлари бўйича аризалар келиб тушган.

Шу ўринда, йиғилиш иштирокчилари аҳолини ўз мол-мулкига эътиборлироқ бўлишга ва уни ҳар хил офатлардан ҳимоя қилишга чақирдилар. Сирдарёдаги офат натижасида 4,351 та уй-жойларга жиддий шикаст етган бўлса, таъкидлаб ўтилганидек фақатгина 212 та уй-жой суғурталанган.

Бухоро вилоятида содир бўлган табиий офат оқибатида вилоятнинг Олот ва Қоракўл, шунингдек, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларининг айрим ҳудудларида кўплаб уй-жойлар, иссиқхоналар ва бошқа мулклар зарар кўрган. Мазкур ҳудудларда 30 мингга яқин суғурта шартномалари имзоланган. Бугунги кунга қадар талафот етган суғурта объектлари бўйича 4,5 млрд сўм миқдоридаги суғурта қопламалари тўлаб берилган. Бу борада ишлар давом эттирилаётганлиги маълум қилинди.